Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида 18 ёшгача бўлган болаларни соғломлаштириш ва реабилитация қилиш, уларга юқори малакали тиббий-консультатив, диагностика хизматини кўрсатиш мақсадида болалар бўлими иш бошлади.
– Мазкур бўлим Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаб берган вазифалари ижроси доирасида очилди, – дейди Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Юсуф Мирхонов. – Болаларни соғломлаштириш ва профилактика қилишда бу бўлимнинг афзаллиги кўп. Бу бўлимга шаҳар ҳудудидаги оилавий поликлиникалар ва уларга бириктирилган 18 ёшгача бўлган болалар тўлиқ қамраб олинади. Уларга малакали мутахассислар хизмат кўрсатади.

Малакали мутахассислар болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиб қолмай, уларга миллий стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатади. Шу билан бирга, болалар ўртасида, сўнгги пайтларда кузатилаётган юқумли ва юқумсиз касалликларни барвақт аниқлаб, даволайди. Бу эса болалар ўртасида кузатилаётган касалланиш, ногиронлик ва ўлим ҳолатларининг олдини олишга ёрдам беради. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу бўлим ходимлари томонидан соғлом ва бемор болалар диспансер назоратига олинади. Бундан ташқари, бўлим қошида “Оналар мактаби” ҳам ташкил этилиб, у ерда тарғибот тадбирлари олиб борилади. Шунингдек, бу ерда неонатал скрининг ва бошқа текширувлар йўлга қўйилиб, бир ёшгача бўлган болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам такомиллаштирилди.

Олдинлари болаларни соғломлаштириш ва доимий тиббий кузатувини олиб борадиган бундай алоҳида тузилма йўқ эди. Болалар катта ёшдаги инсонлар билан аралаш тарзда кўрикдан ўтарди. Энди мазкур бўлим сабаб, бундай ноқулайликларга чек қўйилди. Бунда болаларнинг ўзига хос психологияси, физиологияси ҳам инобатга олинди. Энди профилактик тиббий кўриклар ҳам ташкил этилади.
ЎзА