Юртимиз маънавий ҳаётида юз йилдан бери барқарор равишда фаолият юритаётган нашрлар жуда кам. Улар орасида “Гулистон” журнали алоҳида маънавий минбар, адабий фикрлар маскани сифатида ажралиб туради. 1925 йил 7 ноябрда “Ер юзи” номи билан илк марта чиққан бу журнал юртимиз матбуоти, айниқса, маърифий-адабий журналистика тараққиётида ўчмас из қолдирган. Журналнинг юз йиллик тарихини кузатар эканмиз, унинг ҳар бир босқичи нафақат матбуот, балки халқ маънавияти, миллий ўзлик ва адабий тафаккур тараққиёти билан узвий боғланганини кўрамиз.
2025 йил 3 декабрь куни “Гулистон” журнали ташкил этилганига 100 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тантана ушбу бой тарихий меросни яна бир бор қадрлаш, унинг маънавий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш учун муҳим маданий воқеа бўлди.
“Гулистон” журнали ўз фаолиятини “Ер юзи” номи билан бошлаган давр – жадидчилик ҳаракати авжига чиққан, халқни маърифат ва замонавий тафаккурга етаклаш ҳаракатлари кучайган йиллар эди. Журналнинг ношири сифатида “Қизил Ўзбекистон” газетасининг фаол бўлиши, унинг катта форматда ва кўп суратлар билан нашр этилиши шу давр матбуотининг илғорлигидан дарак беради.
[gallery-26550]
“Ер юзи” ўз номига муносиб равишда мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни, маданий ҳаётдаги ўзгаришларни бевосита акс эттирган. Журнал саҳифаларида Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Шокир Сулаймон, Боту, Отажон Ҳошим каби жадид ва миллий уйғониш ҳаракатининг йирик вакиллари ўз ижод намунаси билан иштирок этган. Бу унинг ўша даврдаги маънавий таъсир кучини яққол намойиш этади.
1932 йилда журнал “Ўзбекистон қурилишда” деб номланиб, янги йўналишда фаолият юритишни бошлайди. Республика ҳаётини, хусусан, ижтимоий-иқтисодий қурилиш жараёнларини ёритиш билан бир қаторда адабиёт ва санъатга ҳам катта эътибор қаратилади. Бу ном журналнинг замон билан ҳамнафас бўлганини кўрсатади.
1935 йилда “Машъала”, 1936 йилдан эса “Гулистон” номи билан нашр этилиши унинг мазмун ва услубдаги янги даврни бошлаб берди. “Гулистон” ана шу ном билан халқ қалбида чуқур ўрин эгаллади, миллий адабиёт, маданият ва маърифий фикрлар мактаби сифатида танилди.
Иккинчи жаҳон уруши туфайли журналнинг чоп этилиши бир муддат тўхтатилган бўлса-да, 1967 йилда унинг қайта тикланиши миллий матбуотимиз тарихида муҳим воқеа бўлди. Янгиланган “Гулистон” саҳифаларида адабиёт ва санъатнинг энг яхши намуналари, маънавий-ахлоқий тарбияга оид мақолалар, замонавий ижод мужассамлашди.
Янги нашрга ёзувчи Иброҳим Раҳимнинг бош муҳаррир этиб тайинланиши журналнинг интеллектуал даражасини янада оширди. Кейинчалик Асқад Мухтор, Тилаб Маҳмудов, Азим Суюн каби адабиёт ва санъат дунёсида етук шахслар журнални бошқаргани унинг мақоми ва сифатига катта таъсир кўрсатди.
“Гулистон” журнали миллийлик ва умуминсонийлик уйғунлашган маскан. Ушбу журнал миллий қадриятлар, анъаналар, халқ оғзаки ижоди ва миллий ўзликни англатиш борасида етакчи минбар вазифасини бажарган. Қолаверса, жаҳон маданияти, адабиёти ва ўзига хос қадриятларини тарғиб этган.
Журналнинг ҳар бир сони ўқувчини ўйлашга, таҳлил қилишга чорлайди. Ўзбек адабиётидаги кўплаб машҳур ижодкорлар айнан “Гулистон” саҳифасида ўз асарларини чоп этишган. Юртимиздаги ижтимоий жараёнлар, янгиланишлар, мамлакат тараққиётини ёритиш журналнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб келаётир.
Юз йиллик тарихга эга “Гулистон” журнали бугунги кунда ҳам замон билан ҳамнафас, Янги Ўзбекистон қиёфасини тўла акс эттирувчи маънавий-адабий майдон сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Бир аср мобайнида журналнинг ўқувчилари ва ижодкорлар авлоди алмашди, аммо “Гулистон”нинг энг асосий халқ маънавиятига хизмат қилиш вазифаси ўзгармади. “Гулистон” журнали юз йил мобайнида фақат матбуот нашри эмас, балки бутун бир маънавият мактаби, адабий муҳитни шакллантирувчи муҳим марказ сифатида яшаб келмоқда. Унинг саҳифаларида ХХ асрнинг 20 йилларидан то бугунги замонгача бўлган миллий фикр, ижодкорлар олами, халқнинг руҳий тараққиёти акс этган.
Юз йиллик юбилей – бу фақат тарихий сана эмас, балки журналнинг янги босқичга қадам қўяётганини англатади. “Гулистон” бугун ҳам юксак маънавийлик, интеллектуал мулоҳаза ва адабий маданиятни тарғиб этувчи етакчи нашр сифатида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА