Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистон университетида ҳинд талабалари ҳам таҳсил олишмоқда
14:41 / 2026-01-22

Гулистонликлар учун катта янгилик бўлди. Шаҳардаги Гулистон давлат университети Тиббиёт факультетида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган талабалар қаторида, Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлари ўртасида тузилган халқаро ҳамкорлик доирасида, ҳиндистонлик талабалар ҳам таҳсил ола бошлади.

–   Бу янгилик нафақат университетнинг глобал таълим майдонидаги ўрнини мустаҳкамлайди, балки халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий алоқаларни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади, – дейди факультет декани, тиббиёт фанлари номзоди Фарҳод Шерназаров.

Асосийси, ўқув дастури амалиёт билан мукаммал уйғунликда амалга оширилмоқда. Тажрибали мутахассислар инсон саломатлигини тиклаш учун зарур билимни талабаларга беради, шунингдек, зарур шарт-шароит ҳам яратилган. Тиббиёт таълими учун керакли ўқув қуроллари, инвентарлар ва мультимедиа воситалари билан таъминланганлиги дарсларни юқори босқичда олиб бориш имкони бор.

Ҳиндистонлик талабалардан Муҳамммад  Калам Алансия  ўз таассуротлари ҳақида шундай деди:

–  Ёшлигимда Ўзбекистон ҳақида кўп эшитганман. Унинг бой тарихи бор. Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшган Бобурийлар ва тиб илмининг султони Ибн Сино шу юрт фарзанди. Шу боисдан ҳам мен Ўзбекистонга, айниқса Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университетининг Тиббиёт факультетига ўқишга кирдим. Ўқиш шароитларимиз ёмон эмас. Асосийси, Ўзбекистонликларнинг меҳмондўстлиги ва самимийлиги, шириндан ширин таомлари бизда катта таассурот қолдирди.

Куни кеча Гулистон давлат университети Ёшлар етакчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев ва ўқитувчилар иштирокида Ҳиндистонлик талабалар билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилди. Унда Ёшлар етакчиси талабаларнинг университет ҳаёти, илмий ва маданий ташаббуслари бўйича фикр ва таклифларини ўрганди. Учрашув давомида талабалар ўз билим ва тажрибаларини баҳам кўрди ҳамда маҳаллий муҳитда интеграциялашишдаги имконият ва қийинчиликларини муҳокама қилишди.

Самимий ва дўстона муҳитда ўтган учрашувда ҳиндистонлик талабалар университетнинг аҳамиятини, шунингдек, Ўзбекистонлик талабалар билан дўстлик алоқалари кундан кунга мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашди.

Учрашув якунида Ёшлар етакчиси Ҳиндистонлик талабаларга ўзбек миллий бош кийими — дўппи ва ўзининг муаллифлигидаги шеърий тўплам "Муҳаббат семестри" китобини совға қилди. Бу ташаббус нафақат меҳмондўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган, балки талабаларда ўзбек маданияти ва миллий қадриятларини яқиндан англаш имконини ҳам беради.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири