Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида жорий йилги ғалла ўримига старт берилди. Тумандаги фермер хўжаликлари, деҳқонлар ва агрокластерлар жами 7 500 гектар майдонга “Андижон”, “Васса”, “Еланчак”, “Яксарт”, “Аликсевич” ва “Тания” каби серҳосил, иқлим шароитига мос ғалла навларини экишди.
Экинларга ўз вақтида агротехник тадбирлар қўлланилиб, парвариш ишлари тўлиқ амалга оширилди.
Бу меҳнат натижасида ғалла яхши ўсиб, пишиб етилди ва ҳосилни йиғиб олишга тайёр бўлди. Ўрим жараёнини самарали ташкил этиш учун туманда 17 та махсус ўрим отряди тузилди, 35 та замонавий ғалла ўриб йиғувчи комбайн техник кўрикдан ўтказилиб, тайёр ҳолатга келтирилди.

Ғалла ўрими – бу фақат аграр жараён эмас, балки халқимизнинг меҳнатсеварлиги ва юртга садоқатини намоён этувчи муҳим босқичдир. Шу муносабат билан “Янги ҳаёт” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида жойлашган “Янги ҳаётлик пахтакор” фермер хўжалигининг 40 гектарлик майдонида биринчи бўлиб ғалла ўрими бошланди.

Тадбирда туман қишлоқ хўжалиги мутахассислари, фермерлар, агрокластер раҳбарлари, сувчилар, механизаторлар ва маҳаллий фаоллар иштирок этди. Улардаги умумий фикр – бу йилги ҳосил яхши ва барокатли бўлиши кутилмоқда. Тадбир доирасида ҳосилга барака, юртга тинчлик ва дастурхонларга тўкинчилик сўраб дуо қилинди. Шунингдек, иштирокчилар учун ўқув-семинар ўтказилиб, ғалла ўримини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

– Ғалламиз тўлиқ пишган. Ўз вақтида йиғиб олиш катта масъулият талаб этади. Бизнинг комбайнларимиз тўлиқ соз ҳолатда. Бу эса ўрим жараёнини узлуксиз ва сифатли олиб бориш имконини беради, – дейди тажрибали комбайнчи Умиджон Олимов.

Эътиборга молик жиҳат шундаки, бу йил комбайнчилар учун қулай меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилган. Бу эса уларнинг иш унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатиб, юқори натижаларга эришишга хизмат қилмоқда.
Ҳозирги пайтда туманда ғалла ҳосилини ўз вақтида ва йўқотишларсиз йиғиб олиш, белгиланган режани ортиғи билан бажариш бўйича ишлар фаол давом этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири