Гулистон шаҳрида “Гулистон тиббиёт кластери”нинг биринчи босқичи ишга туширилди. Унинг иккинчи босқичи ҳам ишга туширилгач, ўринлар сони 520 тага етади, 5 та даволаш бщлимини ўз ичига олувчи муассасада диагностика ва лаборатория ташхис натижасини олиш учун гоҳ у, гоҳ бу шифохонага боришга ҳожат қолмайди.
Қувонарли томони, кластер фаолияти тўлиқ йўлга қўйилгач, бир вақтнинг ўзида кардиолог, окулист ёки эндокринолог маслаҳатини шу ерда олиши мумкин бўлади.
Бунинг учун етарлича имконият яратилган.
— Гулистон тиббиёт кластерининг юз ўринли терапия корпуси биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди, — дейди Гулистон тиббиёт кластер директори Қодир Ҳотамов. — Унинг қурилиши учун 18 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, қурилиш ишларини Гулистондаги «Шоҳрух-Демирбек» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари амалга оширди. Эндиликда ушбу бинода, умумий терапия ва реабилитация, неврология, кардиоревматология, пульмонология ва гематология бўлимлари жойлаштирилиб, ўз фаолиятини бошлаган бўлса, айни вақтда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан Гулистон тиббиёт кластер балансига ўтказилган эски 2 қаватли хирургия биносида реконструкция ишлари амалга ошириляпти. Ушбу юмушларнинг бажарилиши учун қарийб 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Қурилиш ва реконструкция ишлари ниҳоясига етгач, у ерда 60 ўринли эндокринология диспансери хирургия хизмати билан, шунингдек 30 ўринли йирингли хирургия, бинонинг биринчи қаватида 15 ўринли нефрология бўлимлари ўз фаолиятини бошлайди.
Гулистон тиббиёт кластернинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий жиҳозлар билан жиҳозлаш мақсадида, ўтган 2021-2022 йиллар давомида 1 миллиард 735 миллион сўмга юқори технологик операцияларни ўтказишга мўлжалланган 10 турдаги аппаратура, яъни анализатор, рақамли рентген, камерали микроскоп, видео эндоскоп келтирилган, диагностика ишларини яхшилаш учун рақамли «DRF-4» келтириб ўрнатилди. Яқин вақтлар оралиғида магнитли резонанс томограф аппарати келтирилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Гулистон тиббиёт кластерида тиббиёт ходимлар илмий иш билан шуғулланиши учун республика ихтисослаштирилган илмий амалий тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бу эса тиббиёт кластерининг нефрология ва гемодиализ, хирургия, нейротравматология бўлимининг бир қатор шифокорларига ўз устида ишлаб, илмий ишлар билан шуғулланиш имконини беряпти.
Биргина жорий йилда мазкур кластерда 150 дан ортиқ юқори технологик амалиётлар ўтказилди. Бунинг натижасида, юқори технологик жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи бўлган, республика илмий амалий тиббиёт марказларига ушбу амалиёт билан боғлиқ масалалар билан мурожаат этувчи беморлар сони кескин қисқарди.
Гулистон тиббиёт кластери тўла-тўкис ишга тушгач, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ кўпгина масалаларга шу ернинг ўзида ечим топилади. Малакали тиббий хизмат шу ернинг ўзида кўрсатилади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА