Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистон шаҳрининг 24 та маҳалласида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилмоқда
16:06 / 2021-10-08

Ҳозирги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш, ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш мақсадида ҳудудларда ташкил этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида “оғир” маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий қилинган “етакчи” тадбиркорлар ва хонадонлар ўртасида иқтисодий кооперацияни кенгайтириш орқали аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Мисол учун, Сирдарё вилояти Сирдарё тумани, “Ширин” маҳалласида тадбиркор томонидан Йўлдошевлар хонадонида иқтисодий кооперация орқали курка етказиб берилиб, ушбу хонадон соҳибларининг бандлиги таъминланди.

Эндиликда “маҳаллабай” ишлаш тизимини кейинги бочқичга олиб чиқиш маҳалланинг ўзида туриб, барча масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриш билан шуғулланиш мақсадида Президент топшириғига асосан, республикада илк маротаба Гулистон шаҳар ҳокимлигида тажриба тариқасида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилмоқда.

Лавозимга олий маълумотли, иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган, маҳалланинг шарт-шароитини яхши биладиган, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига эга бўлганлар тайинланади.

“Ҳоким ёрдамчиси” “Хонадонбай” сўровлар ўтказиш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш “портрети”ни ишлаб чиқиш, маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўриш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирган ишсизлар бандлигини таъминлаш ва аҳолининг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашади.

“Ижтимоий шартнома” тизими орқали тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, жумладан аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар ажратилиши, мавжуд муаммоларни “мижозбай” ўрганиш ҳамда ҳал этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, ҳудудий ва инвестиция дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш, маҳалланинг ривожланишига доир дастурлар ижросини назорат қилиб боради.

“Ҳоким ёрдамчиси”га оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар бир маҳалладаги хонадонларга ва янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун кредит ресурслари лимити ихтиёри берилади.

Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ишсиз фуқаролар учун асбоб-ускуналар ва мини технологиялар харид қилишга ҳар бир маҳаллага субсидия учун купон беради. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фуқарони жалб қилиш учун ҳар бир маҳаллага купон беради. Ҳар бир маҳаллада фуқарони касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун ваучер бериш ҳам зиммасида бўлади.

Номзод ушбу лавозимга тайинланган кундан эътиборан миллий кадрлар захирасига киритилиб, меҳнат фаолиятининг натижадорлигига кўра лавозим бўйича ўстириб борилади.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА