Гулистон шаҳрига янги ҳоким тайинланди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.
Сессияда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этиб, шаҳардаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳақида сўз юритди.У камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича шаҳар раҳбари етарли даражада фаоллик кўрсатмаётганлигини таъкидлади.
Сессияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди: Гулистон шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Жамолиддин Ходжиманов ўз лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарруҳ Ўктамжонов Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига депутатлар томонидан маъқулланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири