English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистон шаҳрида 36 нафар талабага контракт тўловининг 50 фоизи тўлаб берилди
10:29 / 2021-10-30

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 18-30 ёш тоифасидаги ёшлар сони 16 632 нафарни ташкил этади. Улар ўртасида ўтказилган анкета сўровномасидан сўнг 1178 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган.

Ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, ҳайдовчилик йўналишида ўқув курсларида ўқиган, муддатли ҳарбий хизматга юборилган ва бошқа йўналишларда бандлиги таъминланган ёшлардан 1099 нафари рўйхатдан чиқарилган. Қолган 79 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиб, рўйхатдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ижтимоий аҳволи қийин бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун «Ёшлар жамғармаси» ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида бундай ёшлардан 110 нафарига жами 110 млн.сўм миқдорида бир марталик ёрдам пули ажратилган. Шунингдек, 98 нафар ёшнинг келажакда бандлигини таъминлаш мақсадида, ҳайдовчилик курсларида ўқитиш учун 195 млн. сўм маблағ ажратилган. Оилавий шароити оғир бўлган ёшлардан 22 нафарига сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташлари учун 112 млн. сўм маблағ ўтказиб берилган бўлиб, ҳозирда улар ҳарбий хизматни ўтамоқда.

Бундан ташқари, касб-ҳунарга эга бўлган, бироқ маблағи йўқлиги туфайли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўя олмаган ёшлардан 89 нафарига субсидия асосида 591 миллион сўмлик зарур асбоб-ускуналар берилган ва уларнинг бандлиги таъминланган. 15 нафар ёшлга 50 сотих майдон ажратилиб, уларга 23 млн. сўмлик уруғ ва кўчатлар субсидия асосида берилган. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган, имконияти чекланган 36 нафар йигит-қиз учун 150 млн. сўм маблағ ажратилиб, контракт тўловининг 50 фоизи тўлаб берилди.

 

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов(сурат), ЎзА