Сирдарё вилояти маркази – Гулистон шаҳрининг ижтимоий инфратузилмаси, турар жойлар, кўчалар сезиларли даражада яхшиланиб, янги қиёфа касб этмоқда.
Гулистон шаҳридаги 112 та кўп қаватли уйни таъмирлаш, уларнинг ташқи қисмига базальт қоплаш, том қисмини шефирлаш ишлари Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити ва инфратузилмани яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги 93-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда. Айни пайтда қурилиш ишларининг 50 фоиздан ортиғи бажарилди.
Уй деворларини қоплашда ишлатилаётган базальт қишда иссиқ, ёзда эса салқин муҳитни сақлаб, энергия тежалишига ёрдам беради. Бу маҳсулотлар четдан эмас, балки маҳаллий корхоналардан олиб келинаётгани эса харажатларни камайтирмоқда.

– Ушбу маҳсулотнинг таннархи юқори эмас, аммо сифати жуда яхши, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси директори Акбар Ҳусанов. – Гулистон шаҳрида катта бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг узоқ йиллик муаммолари бартараф этилмоқда. Энг асосийси, иссиқ ва совуқ сув таъминоти яхшиланди.
– Қишда уйларимиз совуқ бўларди. Энди деворлар изоляция қилингач, газни кам ишлатамиз. Базальт қопламалар нафақахўрлар учун катта енгиллик бўлди, – дейди Намуна маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Гулчеҳра Пардаева.
Шунингдек, эскирган ва шикастланган томлар ҳам замонавий қопламалар билан янгиланмоқда. Бу аҳоли учун хавфсиз ва барқарор яшаш муҳитини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Илгари томдан сув оқиб турарди, – дейди Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Азизбек Жўраев.– Энди бундай муаммолар йўқолди. Бундай ишлар давомли бўлиши ҳар бир оила учун жуда муҳим.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 24 та маҳаллада ўн кунлик ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилди. Дарахтларга шакл бериш, чиқиндиларни олиб чиқиш, йўл бўйларини тозалаш, гуллар экиш каби ишлар бажарилди.
– Гулистон шаҳрида ўтказилган ҳашарларда давлат ташкилотлари, муассаса ва корхоналар ходимлари қаторида аҳоли ҳам фаол иштирок этди, – дейди Гулистон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Файзиева. – Ариқ ва лотоклар тозаланиб, шаҳар гулзорга айлантирилмоқда. Айтишади-ку, тоза жойда барака бўлади деб. Ҳақиқатдан ҳам, Гулистон тоза ва озода, кўркам шаҳарга айланиб бормоқда.
– Эрталаб болаларим билан юрганимда гуллар билан безатилган йўллар, тоза ҳаво – ҳаммаси руҳиятни кўтаради. Бундай муҳит болалар тарбиясига ҳам ижобий таъсир қилади, – дейди Аҳиллик маҳалласидан Севара Эркаева.
Шаҳарнинг турли нуқталарида гуллар ва манзарали ўсимликлар экиляпти. Бу нафақат экологик муҳитни яхшиламоқда, балки шаҳарнинг эстетик қиёфасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда.

– Бугунги кунда Гулистон ҳақиқий гулистонга айланмоқда, – дейди Гулистон давлат педагогика институти талабаси Шоҳжаҳон Ҳамдамов. – Бу каби ўзгаришлардан биз ёшлар қалбларимизда ифтихор туйғуларини туймоқдамиз.
Ободонлаштириш ишларининг яна бир муҳим қисми – санитар тозалик ва чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш. Бу нафақат муҳит тозалиги, балки аҳоли саломатлиги учун ҳам муҳим омилдир.
– Чиқиндилар ўз вақтида тозаланмаса, касалликлар тарқалиши мумкин. Энди мунтазам равишда санитарияга эътибор қаратиляпти. Бу маҳалламиз учун жуда муҳим ўзгариш, – дейди Намуна маҳалласи фаоли Тоҳир Сувонов.
Қисқача айтганда, Гулистон шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бу шунчаки бинолар таъмири ёки йўл қурилиши эмас, балки инсон учун муносиб турмуш муҳитини яратишга қаратилган кенг қамровли ҳаракатлардир. Шаҳар қиёфаси ўзгармоқда, лекин ундан ҳам муҳими, одамларнинг кайфияти яхшиланиб, келажакка бўлган умид, ишончи ортяпти.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири