Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Гулистон” футбол клуби янги мавсумга тайёрми?
14:36 / 2025-12-17

Янги мавсум остонасида ҳар бир жамоа олдида битта асосий савол туғилади. “Биз фақат иштирок этамизми ёки натижа учун курашамизми?” Гулистон шаҳрида ўтказилган навбатдаги йиғилиш айнан шу саволга холис ва асосли жавоб излашга қаратилди.

Вилоят спорт бошқармаси, Футбол ассоциацияси, “Гулистон” футбол клуби ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этган мулоқотда жамоанинг янги мавсумга тайёргарлик ҳолати, яқин режалари ва узоқни кўзлаган мақсадлари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан очиқ мулоқот ўтказилиб, футболчиларнинг жамоавий ва индивидуал тайёргарлиги, жисмоний ҳолати ва тактик салоҳияти атрофлича таҳлил қилинди. Мураббийлар томонидан 2026 йилги мавсумда Биринчи лигада самарали иштирок этиш ва Пролига йўлланмаси учун кураш олиб бориш асосий мақсад сифатида белгилаб олинди. Бу қарор жамоанинг фақат қисқа муддатли натижа эмас, балки барқарор ривожланишни кўзлаётганини кўрсатади.

Айни пайтда клуб таркибини шакллантириш жараёни қизғин давом этмоқда. ОКМК, “Металлург”, “Хоразм”, “Сўғдиёна”, “Бунёдкор”, “Машъал” каби профессионал жамоаларда тўп сураётган сирдарёлик  тажрибали  футболчилар ҳамда маҳаллий ёш иқтидорлар кўрикдан ўтмоқда. Бу ёндашув жамоага тажриба ва ёшлик уйғунлигини олиб кириб, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Ёш футболчилар учун эса бу катта футболга қадам қўйиш, ўз имкониятларини намоён этиш учун муҳим синов ҳисобланади.

Йиғилиш якунидан сўнг “Гулистон” профессионал футбол клуби ўқув-машғулот жараёнларини расман бошлади. Машғулотлар маҳаллий мутахассис Аббос Эргашев бошчилигидаги мураббийлар штаби томонидан юқори савияда ташкил этилди. Ёрдамчи мураббий сифатида халқаро тажрибага эга Аббосбек Маҳсталиевнинг жалб этилгани жамоа тайёргарлигига янги қараш ва талаб олиб кирди. Шунингдек, собиқ профессионал футболчи Зафар Қорақуловнинг штабдаги иштироки жамоа учун амалий тажриба ва руҳий таянч вазифасини бажармоқда.

Машғулотлар давомида футболчиларнинг жисмоний ҳолати, техник-тактик ҳаракатлари ва жамоавий ўйинни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мураббийлар ҳар бир футболчининг имкониятларини синчиклаб ўрганиб, мавсум олдидан энг мақбул таркибни шакллантириш устида иш олиб бормоқда. Маълум қилинишича, йиғин давомида машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтказилиб, декабрь ойи охирига қадар бир қатор назорат учрашувлари ҳам режалаштирилган. Бу баҳслар орқали жамоанинг ҳақиқий тайёргарлик даражаси аниқланади.

Хулоса қилиб айтганда, “Гулистон” клуби янги мавсумга бефарқ ёки шошма-шошарлик билан кириб келмаяпти. Аниқ мақсад, пухта режа, интизомли машғулот ва тажрибали мураббийлар штаби жамоанинг асосий таянчига айланмоқда. Албатта, барча саволларга якуний жавобни майдон беради.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири