Сирдарёлик Гулруҳ Маҳмудова иқтисодиёт назарияси ихтисослиги бўйича иқтисод фанлари номзоди илмий даражаси учун хорижда диссертация йўқлади. У Гулистон давлат университетининг чет элда илмий ишини ҳимоя қилган биринчи тадқиқотчиси бўлди.
Гулруҳ Маҳмудованинг «Замонавий иқтисодиётда истеъмолчилар хулқ-атвори моделини ўзгартириш» мавзусидаги илмий ишига Қозон федерал университети бошқаруви, иқтисод ва молия институти профессори, иқтисод фанлари доктори Ленар Наилевич Сафиуллин раҳбарлик қилди.

Иқтисодиёт назарияси ихтисослиги бўйича иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тақдим этилган ушбу илмий иш Россиянинг Волга вилоятида жойлашган Қозон Федерал университети менежмент, иқтисод ва молия институтининг иқтисодий назария ва эконометрия кафедрасида олиб борилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур ҳимоя давомида расмий оппонент вазифасини юқори талаб даражасида ўтаган – иқтисод фанлари доктори, «Миллий тадқиқотлар Томск давлат университети» Федерал давлат автоном таълим муассасаси иқтисод кафедраси профессори Марина Вячеславовна Рижкова ҳамда иқтисод фанлари доктори, «Бошқирд давлат университети» ФСБEИ иқтисодиёт, молия ва бизнес институти умумий иқтисодий назария кафедраси профессори Галина Михайловна Россинскаяларнинг барча саволларига сирдарёлик диссертант – Г.Маҳмудова аниқ мисол ва рақамлар билан батафсил берган жавобларидан илмий кенгаш аъзолари тўлалигича қаноатланганларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Гулруҳнинг илмий даражасини йўқлашида Сибир федерал университети давлат автоном олий таълим муассасаси етакчи ташкилот сифатида муҳим аҳамият касб этди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА