Шайхонтоҳур тумани Гулбозор маҳалласида туристик кўча ташкил этилган. Гулбозор Тошкентнинг тарихий қисмида, Чорсу бозори ёнида жойлашган. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий сайёҳлар кўп келади. Шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилган. Кўча ва уйларда пойтахтнинг қадимги кўринишини сақлаб қолган ҳолда қўшимча шароитлар яратилган.
Гулбозор туризм маҳалласининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда сайёҳларни кенг жалб қилиш ва унинг оммавийлигини таъминлаш мақсадида маҳаллада йил давомида турли оммавий тадбирлар ташкил этилмоқда.

“Тошкент наволари ва мақом кечаси” тадбири ҳам кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Унда Юнус Ражабий номидаги “Мақом”, “Дуторчи қизлар” ва Шайхонтоҳур туман фольклор ансамблларининг миллий куй-қўшиқ ва яллалари, классик мақом ҳамда ҳудудий лапар айтишувлари хорижий ва маҳаллий сайёҳларни хушнуд айлади. Шу билан бирга, тадбирда Тошкентнинг машҳур ҳунармандлари ўзларининг миллий маҳсулотлари билан иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, Гулбозор маҳалласида барча коммуникация тармоқлари ер остидан ўтказилди. Кўча бошида тарихий дарвоза қайта тикланди. Ўймакор устунли катта айвон, унга яқин жойда ҳовуз барпо этилди. Миллий каштачилик ва ҳунармандчилик устахоналари, новвойхона, миллий ошхоналар, заргарлик дўконлари ташкил қилинди. Сайёҳларга ўзбек халқининг тарихи ва маданий қадриятларини ўзлаштириш мақсадида мазкур кўча ҳудудида ташкил этилган “Нон тарихи” ва “Қадимий Тошкентга саёҳат” кўргазмаларига ташриф буюриш имконияти яратилди. Меҳмонхона бунёд этилди. Кўча бўйлаб гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар экилди.

Тадбир доирасида хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА