Бугунги кунда металлургия соҳаси мамлакат саноатини ривожлантириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишда стратегик аҳамият касб этмоқда. Янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳадаги корхоналар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, металлургия соҳасида фаолият юритаётган корхоналарни бирлаштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва ягона позицияни шакллантиришга қаратилган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бу борада “Ўзбекистон металлургияси” уюшмаси фаолиятининг ўрни беқиёс. Уюшма раҳбари Гулбаҳор Тожимирзаева бу ҳақда қуйидагиларни таъкидлади:
– Ҳар бир соҳада сарҳисоб муҳим. Шу боис, биз ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгуси режаларни кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилдик.

Куни кеча ташкил этилган тадбирда 2025 йил давомида уюшма томонидан амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилдик. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилди. Биз ушбу ҳамкорлик доирасида биргаликда катта натижаларга эришишни мақсад қилганмиз.
Бугунги кунда “Ўзбекистон металлургияси” уюшмаси металлургия ва унга яқин соҳаларда фаолият юритаётган пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналарни бирлаштиради. Уюшма бизнес иштирокчиларининг манфаатларини фаол илгари суради, саноат корхоналари ва давлат органлари ўртасида мулоқот майдони вазифасини бажаради ҳамда тармоқни ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Шунингдек, уюшма фаолиятида халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда Хитой пўлат уюшмаси, Эрон пўлат ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ҳамда “RUSLOM.KOM” уюшмаси билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ушбу келишувлар тажриба алмашиш, илғор жаҳон амалиётларини жорий этиш ва кооперацияни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Аҳамиятлиси, уюшмани тузиш ғояси илк бор 2022 йилда илгари сурилган бўлиб, мамлакат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланган ва бу ғоя ягона профессионал тармоқ платформасини шакллантиришга асос бўлган.
2025 йил уюшма фаолиятида шаклланиш ва амалий ишга ўтишда муҳим босқич бўлди. Мазкур даврдан бошлаб ташкилот металлургия соҳасида фаолият юритаётган корхоналарни бирлаштирди, бизнеснинг консолидациялашган позициясини шакллантирди ва давлат органлари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйди.
Уюшма томонидан вазирликлар ва идоралар билан барқарор мулоқот тизими шакллантирилди. Маҳсулот сифати, ишлаб чиқариш самарадорлиги, технологик янгиланишлар ва бозорни ривожлантириш билан боғлиқ стратегик масалалар муҳокамасида фаол иштирок этилди. Шу билан бирга, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажриба ва технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ташкилотимизнинг олдига қўйган асосий мақсади уюшмани формал тузилма сифатида эмас, балки ўзбек металлургиясининг рақобатбардошлигини ошириш, соҳани барқарор ривожлантиришга хизмат қилувчи самарали механизмга айлантиришдир.
Шу маънода айтиш керакки, биз бир-биримизга рақиб эмасмиз, балки ҳамкасблармиз. Ўзаро қўллаб-қувватлаш орқалигина металлургия соҳасини изчил ривожлантира оламиз. Профессионал мулоқот ва ҳамкорликка таянган ҳолда, уюшма металлургия тармоғининг барқарор ривожланишини таъминлайди ва аъзолар учун ҳамкорлик, нетворкинг ҳамда ривожланиш платформасига айланади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.