Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулбаҳор Маматқулова: мукофот масъулият ҳамдир (+видео)
18:03 / 2026-03-04

Фарғона имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумда бугунги кунда 450 нафар ўқувчига педагог ва усталар таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўтган йили махсус техникум битирувчилардан 27 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, 17 нафари давлат ташкилотларига ишга жойлашди.

Жамоада барча “устоз” дея ҳурмат кўрсатадиган бир инсон бор. У ўзининг касбий маҳорати, инсоний фазилатлари билан барчанинг қалбидан жой эгаллаган, касб-ҳунар таълими тизимида  кўп йиллик тажрибага эга бўлган ишлаб чиқариш таълими устаси Гулбаҳор Маматқулова. Устоз бутун умрини Фарғона имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумда касб-ҳунар таълимига  бағишлади. Мана, 42 йилдирки, ўқувчиларга пойабзал ишлаб чиқариш технологияси бўйича ўз билим ва кўникмаларини ўргатиб, жамоада ўрнак бўлиб келмоқда. У таълим-тарбия жараёнида инновацион усуллар, янги педагогик технологияни тадбиқ этиш билан бирга  “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттирмоқда. Ёш мутахассисларга ўз фани бўйича билим ва малакаларни ўргатиб, жамоа орасида катта ҳурмат топган.

Бугун вилоятдаги қатор корхоналарда опа касб-ҳунар ўргатган шогирдлари меҳнат қилмоқда.

– Уларни ишга жойлаштирганимдан, корхоналарга бориб ишлашаётганидан фахрланман. Мана шу устоз мени ўқитган деб, мени эл-халққа таништирганида қувонамиз, – дейди Гулбаҳор Маматқулова. – Бу албатта эккан дарахтларимизнинг меваларидир.  

Устознинг шогирдлари – “Тикувчилик” ва “Рақамли ахборотларни қайта ишлаш” йўналишлари ўқувчилари 2025 йилда Республика олимпиадасида 1-ўрин соҳиби бўлган.

– Гулбаҳор Маматқулова ижодкор, ўз устида тинмасдан ишлайдиган, ортидан шогирдларини етаклай оладиган, мамлакат миқёсида ҳам соҳасининг намунали вакиласи, – дейди Фарғона имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникум директори Озодахон Раҳмонова. – Жамоада жуда катта ҳурматга эга. Ҳамкасбларига ҳамша ёрдамини аямайди. Ўта самимий инсон.

Таълимни ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғунлаштириш мақсадида Гулбаҳор Маматқулованинг бевосита ташаббускорлиги ортидан “УЗСАЛАМАН” АЖ корхонаси билан ҳамкорлик шартномаси тузилди. “Пойабзал иши” йўналиши ўқувчилари энди амалиётларини шу ишлаб чиқариш корхонасида олиб боришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан Гулбаҳорхон Маматқулова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

– Бу берилган мукофот бундан ҳам яхшироқ ишлашга, болаларга янада мустаҳкамроқ билим беришга ундайди. Уларни ҳаётга тайёр қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламан дейди.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/KD6eirTqfZ0" title="Gulbahor Mamatqulova: mukofot mas’uliyat hamdir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА