Муносабат
Шу кунларда юртимиз бўйлаб Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги кенг шодиёна қилинмоқда. Айни улуғ байрам олдидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Унга кўра, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг амалий фаолияти билан халқимизнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Улар орасида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри солист-вокалисти, истеъдодли актриса Гуласал Раҳмонова ҳам бор. У “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Гуласал Раҳмонова ЎзА мухбирига берган интервьюсида ҳар бир жабҳадаги ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлардан қувонишини, ушбу мукофот унга янада масъулият юклашини билдирди:
– Аввало, Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги барчамизга муборак бўлсин! Шундай улуғ байрам арафасида юртбошимиз бир қатор соҳа вакилларини мукофотладилар. Жумладан, мен ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу мен учун чексиз қувонч ва ишонч бўлди.
Бугунги кунда юртимизда ҳар соҳада, ҳар бир жабҳада яратилаётган имкониятлар бизни фақат қувонтиради. Айниқса, санъат ва маданиятга қаратилаётган эътибор бизни янада дадил ва шижоатли бўлишга ундайди.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди” деган чақириқларидан санъатнинг жамият ҳаётидаги ўрни нечоғлик муҳим эканини яна бир бор англаш мумкин.
Бундай ҳаракатлар бизни олға қадам ташлаб, оёғимизда мустаҳкам туриб ижод қилишга ундайди.
Мукофотланганимни эшитганимда бир тадбирда – куй-қўшиқ авжида, шовқин жойда эдим. Телефон бўлди, сал четроққа ўтиб эшитаман десам, “Гуласал Раҳмонова, мукофотлар муборак бўлсин”, дейишди. Бирпас нимани эшитганимни англолмай қолдим. Атрофдаги шовқин давом этаётган бўлсада, лекин менинг қулоғимга майин сув шилдираши, енгил шамол нафаси эшитила бошлади. Ўзим эса осмонда булутлар орасида эдим – бир неча дақиқа мен шундай ҳолга тушиб қолдим. Кейин бироз ўзимга келиб, бу хушхабардан шундай қувондимки, қандай таърифлаб айтишни, ёзишни билолмайман. Мен каби бир қатор юртдошларимизга ана шундай қувончни ҳадя этган юртбошимизга миннатдорлик билдираман.
Бундан буёғига ижодда, фаолиятда, театрдаги фаолиятимда янада масъулият билан, янада серғайрат ва шижоатли бўлиб ишлашга ҳаракат қиламан. Чунки тинч ва осойишта юртимизда, биз ижодкорлар, санъат ва маданият вакиллари учун яратилган кенг шароитларда фақат халқимизга хизмат қилиш, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш ярашади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.