Сайхунобод — Сирдарё вилоятининг обод ва барқарор ривожланаётган туманларидан бири. Бу юртда инсон қадри, оила фаровонлиги ва меҳнатга бўлган муносабат доимо устувор аҳамият касб этади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил туманда амалга оширган ташрифи эса аҳоли ҳаётида янги босқични бошлаб берди. Ушбу сафардан сўнг кўплаб оилаларда фаоллик, ташаббускорлик ва энг муҳими — келажакка бўлган ишонч пайдо бўлди.
Бу ишонч бугун ўз ифодасини турли соҳалардаги янгиланишларда, айниқса, томорқачилик ва гулчиликни тадбиркорлик фаолиятига айлантиришда яққол намоён этмоқда. Хотин-қизларнинг бу борадаги ташаббуслари, жасорати ва билимга таянаётган ҳаракатлари алоҳида эътирофга лойиқ.

Туманнинг Гулбулоқ маҳаласида яшовчи Дилфуза Тоджибоева учун Президент ташрифи том маънода ўзгаришлар манбаи бўлди. Илгари у келин бўлиб тушган хонадон томорқасида оддий картошка ва сабзавотлар етиштириш билан кифояланган. Бугун эса на фақат у, балки турмуш ўртоғи Дилмурод Тоджибоев ҳам тадбиркор. Улар меҳнат ва тажриба орқали нафақат оиласини моддий жиҳатдан таъминламоқда, балки келажаги учун режалар тузаётган бахтли оилалардан бирига айланди.

– Президентимизнинг ташрифи ортидан бизда ҳам катта орзулар, катта режалар пайдо бўлди, – дейди Дилфуза Тоджибоева. – Хонадонимиздаги 10 сотих томорқадан самарали фойдаланиш мақсадида тижорат банки орқали 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, 7 сотих ерда иссиқхона қурдик. Унга жаҳон гуллари қаторига кирувчи Хризантема ва Алстроэмерия (Перу нилуфари) ни экиб, букет гуллар етиштиришни йўлга қўйдик.

Дилфуза ва турмуш ўртоғи ушбу фаолиятни бошлашда Тошкент вилоятидаги гулчилик хўжаликларида тўрт йил мобайнида меҳнат қилиб ортирган тажрибасидан самарали фойдаланди. Илгари ишчи сифатида фаолият юритган жуфтлик бугун ўз томорқасида мустақил тадбиркор сифатида иш олиб бормоқда.
– Гул етиштириш осон иш эмас, – дейди у. – Бу иш мунтазам парвариш, агротехник талабларга риоя қилиш, сув ва ҳароратни назорат қилиш, зараркунандаларга қарши самарали кураш олиб боришни талаб қилади. Меҳнат ва масъулиятсиз натижага эришиб бўлмайди.

Албатта, ишни бошлашда қийинчиликлар бўлди. Айниқса, молиявий таъминот, бозорда ўз ўрнини топиш ва мижозларни жалб этиш каби масалаларда. Бу борада туман Савдо-саноат палатаси, маҳалла фаоллари ва туман ҳокимияти кўмаги ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Натижада иссиқхонадан олинаётган даромад орқали кредит тўлиқ қайтарилди ва янги иссиқхона қуриш режаси шаклланди.
– Илгари томорқамиз бўлса-да, ундан самарали фойдаланмас эканмиз, – дейди Дилфузанинг қайнонаси Замира Тоджибоева. – Энди эса ер — беқиёс бойлик эканини, ундан тўғри фойдаланиш орқали оила фаровонлигини таъминлаш мумкинлигини англаб етдик. Гулчилик нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам тараққиёт олиб келди. Энг муҳими — ўзимизга бўлган ишонч ортди. Қизим Шоҳиста, ҳатто ўзим ҳам ишли бўлдим. Бўш вақт қаерда дейсиз, оилавий гулчилик билан бандмиз.
Қувонарлиси, гулчилик натижасида уй таъмирланди, замонавий маиший техника харид қилинди, фарзандлар сифатли таълим олиш имконига эга бўлди. Бу — бир оиланинг эмас, балки бутун жамиятнинг янгиланиш рамзига айланган ҳолатдир.
Дилфуза ва турмуш ўртоғининг бу ютуғи бошқаларга ҳам ибрат бўлди. Нуробод маҳаласида яшовчи спорт мураббийи Юлдузхон Хошимжонова ҳам ушбу тажрибадан илҳомланиб, ота хонадонида 8 сотихли иссиқхона барпо этди.
– Дилфуза опанинг фаолияти ҳақида эшитиб, мен ҳам гулчиликка қизиқиш билдирдим, – дейди Юлдузхон. – Туман Савдо-саноат палатаси раҳбари Шоира Шаматова ва туман ҳокими Комилжон Муллажоновнинг маслаҳатлари асосида ишни бошладим. Ҳозирча гуллар яхши етилмаган, аммо келгуси мавсумдан даромад кутаяпман. Шундай бўлса-да, кеч кузда экилган бодиринг ва помидордан кутилганидан кўпроқ ҳосил олдик. Даромад ҳам шунга яраша бўлди.
Бугунги кунда Сайҳунобод туманида иссиқхона ва очиқ ерларда гул парваришлаётган оилалар сони ортиб бормоқда. Бу соҳа нафақат иқтисодий самара, балки эстетик тарбия, руҳий қониқиш ва ҳаётда гўзалликка интилиш каби қадриятларни шакллантирмоқда. Ахир ҳар бир гул — меҳр, умид ва эзгулик тимсолидир.
Бу гуллар туман марказидаги гул дўконлари, Бахт ва Гулистон шаҳарларидаги тантанали маросимлар, хонадонлар ва тадбирларни безаб турибди. Бу орқали меҳнаткаш аёлларнинг юксак масъулияти ва фидоийлиги намоён бўлмоқда.
Хотин-қизларни фаол ҳаётга жалб этиш, уларни бизнесга йўналтириш мақсадида тумандаги касб-ҳунар техникумида Савдо-саноат палатаси ва Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида бир ойлик ўқув курслари ташкил этилди.
– Бу курсларда иштирок этган аёллар тадбиркорлик асослари, молиявий бошқарув, бизнес-режа тузиш, маркетинг каби йўналишларда назарий ва амалий билимларга эга бўлишди, – дейди туман Савдо-саноат палатаси раҳбари Шоира Шаматова. – Улар, шунингдек, саноат зонасидаги ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, тажриба тўплаш имкониятини ҳам қўлга киритди.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида ўзини-ўзи банд қилувчи хотин-қизлар сони ортиб, улар томонидан барқарор даромад манбалари яратилмоқда. Фарзандлар келажаги учун ҳаракат, изланиш ва меҳнат бугунги Сайхунобод аёлларининг шиорига айланган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири