Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гугурт чақилгани дунёга ўт кетди, дегани эмас
10:49 / 2020-03-24

Бир киши ўз келажагини олдиндан билишга аҳд қилибди ва фолбинга борибди. Фолбин нималарнидир ўзича минғирлаб, кейин тилга кирибди ва дебди.


Бир киши ўз келажагини олдиндан билишга аҳд қилибди ва фолбинга борибди. Фолбин нималарнидир ўзича минғирлаб, кейин тилга кирибди ва дебди.

– Анча вақт бахтли яшайсан, аммо охирида девор босиб қолиб, ўласан.

Буни эшитган ҳалиги киши нима қиларини билмай саросимага тушибди ва ўзини қутқариш мақсадида кимсасиз чўлу биёбонга чиқиб кетибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди ва ахийри чарчабди. Эҳтиёт шарт яна атрофга аланглабди. Бирорта девор кўринмайди. Кўнгли хотиржам тортиб энди кўзи илинганда эса устига оҳиста шамолда учган шувоқ келиб тушибди. Девор босди, деб хаёл қилган ҳалиги кишининг юраги ёрилиб, шу топдаёқ тил тортмай жон берибди. Аслида эса уни девор эмас, ваҳима босган. Девор эмас, ҳадик ўлдирган.

Шу кунларда баъзи кишилар ана шундай ваҳимага тушган. Энг қизиғи, у ҳам вирусга ўхшайди. Чунки психологияга оид китобларда ваҳимага ҳис-туйғу ва кайфиятнинг бузилиши сифатида қаралади. Ваҳимада одамни асоссиз қўрқув босади, киши нимадандир хавотирланиб, ҳадиксирайди, безовта бўлади, кўнгли ғашланиб, ороми йўқолади. Унга келажакда фалокат бўлиши муқаррардек, ўзи ёки яқинларининг ҳаёти хавф остида тургандек туюлаверди. Вирусга ўхшаш жиҳати эса ваҳимачи билан сўзлашган кишининг ҳам юрагига ғулғула тушади. Ҳадик оралайди.

Бугун тонгда ишга келаётсам, бир киши мен ўтирган таксини тўхтатди. Таксига ўтириб улгурмасидан юзига тутилган ниқобни юлқиб олди-да, ваҳимани бошлаб юборди.

– Бу дардисар қаёқдан чиқди, одам нафас ололмаяпти. Айтганча, кеча “Ахборот”ни кўрдингларми? Яна янги “запрет”лар қўйилибди. Бунча чекловлар қўйилаяптими, демак вазият жиддий. Бир танишимнинг айтишича, коронавирусга чалинганлар 45-46 та эмас, минглаб эмиш. Асл ҳолатни давлат яшираётганмиш.

Унинг гап-сўзлари “Шум бола”даги бекорчи нашавандларнинг Або Муслим ҳақидаги ривоят юзасидан қилган тортишувини эслатиб юборади. Асл ҳолатни, ҳукуматимиз нима сабабдан бундай эҳтиёт чораларини кўраётганини билмасам мен ҳам унинг гапларига лаққа тушардим.

Тўғри, вазият жиддий. Чунки коронавирус шундай инфекцияки, уни юқтириб олган киши бирор тўйга борса, ўша тўйдаги ҳамма, ўша ҳамманинг барча оила аъзолари, улар билан учрашганлар, учрашганлар билан учрашганлар... коронавирусни юқтириб олиши мумкин. Бу беморлар сони геометрик прогрессия мисоли кўпайиб кетади, дегани. Шу боис ҳам бугун бу дардга чалинганлар дунёдаги 167 та мамлакатда қайд этилди.

Мамлакатимизда карантин эълон қилиниши, баъзи йўналишларда вақтинча чекловлар жорий этилиши, тиббиёт ниқоби тақиб юриш, имкон борича уйдан чиқмаслик шарт қилиб қўйилаётганининг асл сабаби ҳам шу.

Карантин қоидаларига кўра, давлат ва нодавлат муассасаларига ниқобсиз, қўлни антисептик воситалар билан тозаламасдан кириш тақиқланди. Ҳар биримиз зарурат бўлмаса кўчага чиқишимиз керак эмас. Кўчага чиқишга эҳтиёж бўладиган бўлса, албатта, ниқобда бўлишимиз шарт. Агар уйдан ишга кетаётган бўлсак, тўғри ишга, агар ишдан уйга қайтаётган бўлсак, тўғри уйга боришимиз керак. Ҳар биримиз берилаётган тавсияларга тўлиқ риоя қилсак вазиятни барқарор ушлаб қоламиз. Биз нафақат ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз, балки ҳар бир инсон саломатлиги учун масъул эканимизни унутмаслигимиз керак. Биздан тиббиёт ходимлари тавсияларини бажариш талаб қилинади, холос. Зиммамизга бошқа ҳеч қандай вазифа юклатилаётгани йўқ.

25 мартдан эътиборан тиббиёт ниқоби тақиб юрмаган кишиларга нисбатан жарима жазоси тайинланиши белгилаб қўйилди. Буни ҳам ҳар ким ўзича тушунади. Афсуски, орамизда ушбу тартибни ҳам бамайлихотирлик билан қабул қилаётганлар кўп. Қишлоғимизда ҳафтанинг ҳар дам олиш куни мўъжазгина бозор бўлади. Турли хил озиқ-овқат маҳсулолари келтирилиб, савдо-сотиқ қилинади. Бозордан ул-бул олгани бордим. Бозор оралиб юриб, ўн чоғли ёш йигитларнинг ниқоб таққан бир тенгдошини калака қилаётганига кўзим тушиб қолди.

“Ҳа, нима корона вирус юқтириб олдингми? Олсангчи юзингдагини. Бундан кўра, паранжи ҳам ёпиб ол устингга...”, дея уни устидан кулишарди...

Энг ёмони одамлар ўртасида коронавирус хавфи ортган кундан бошлаб, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш даражаси ошиб кетмоқда. Айниқса, ушбу ҳолат қишлоқ жойларда авжига чиқиб кетмоқда. Нима эмиш, спиртли ичимлик ичиб юрганларга вирус юқмасмиш. Ҳатто ёш-ёш йигитлар ҳам тўда-тўда бўлиб, вирусни баҳона қилиб, улфатчиликни кучайтириб, юбормоқда.

Биз қайси томонга қараб кетяпмиз ўзи? Мамлакат шундай таҳликали ҳолатда турганда бундай маънавиятсизлик қанчалик бизга ярашади. Хулоса ўзингиздан.