Гуанжоу шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси очилди
Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлиги хабартга таяниб маълум қилган.
Маросимда мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов, Гуандун провинцияси ва Гуанжоу шаҳри Халқ ҳукумати раҳбарлари, шунингдек, ҳудуддаги ишбилармон, жамоат ва эксперт доиралари вакиллари ҳамда ватандошларимиз иштирок этди.
Элчи Бахтиёр Саидов Бош консулхонанинг очилиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш, барча соҳаларда амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, энг аввало, республикамиз вилоятлари ва ХХР жанубий провинциялари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини оширишга қўшимча туртки беришини қайд этди.
Умуман, йирик саноат, молия ва транспорт маркази бўлган Гуанжоу шаҳри минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, транспорт коммуникацияси ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади.
Янги очилган Бош консулхона округига Гуандун, Фуцзян, Хунан, Хайнан провинциялари ҳамда Хитойнинг Гуанси-Жуан автоном тумани киради.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар эътиборига Ўзбекистонда яратилган жозибали ишбилармонлик муҳити, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар, қурилиш, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги жабҳасини ривожлантириш борасида эришилган муваффақиятлар ҳамда айни йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболи тўғрисидаги атрофлича маълумот тақдим этилди.