Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий алоқалар кун сайин ривожланиб ва мустаҳкамланиб бормоқда. Биргина Фарғона вилоятининг ўзида бугун 131 та Хитой капитали иштирокида корхоналар фаолият юритмоқа. Улардан 69 таси Хитой инвестицияси асосида фаолият юритадиган хорижий корхоналар ҳисобланади.
Иккита рақамга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Агар 2021 йилда 293,2 млн долларлик Хитой маблағлари ўзлаштирилган бўлса, ўтган 2022 йилда бу рақам 375,1 млн долларга етди. Шу йилнинг ўзида қиймати 188 млн доллар бўлган 9 та лойиҳа Фарғонада амалга оширилмоқда.

Яна бир рақам. 2022 йилнинг ўзида Фарғона вилояти тадбиркорларининг Хитой Халқ Республикаси билан ташқи савдо айланмаси 453,8 миллион долларни ташкил этди. Бу Ўзбекистоннинг бир вилояти бир хорижий давлат, яъни Фарғона – Хитой ўртасидаги савдо айланмаси қарийиб ярим миллиард долларга тенг деганидир. Бундан 4-5 йил аввал шундай рақамларни тасаввур қилиш мумкинмиди?
“Фарғона Ясин қурилиш моллари” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси биринчи босқичи 2020 йил январь ойида ишга тушган. Пандемияга қарамай қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилди. Жами 200 миллион доллар инвестиция киритилди. Бу ерга халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий технологик жиҳозлар ўрнатилди.

Ясин цемент ишлаб чиқариш корхонасининг иккинчи босқич қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. У фойдаланишга топширилгач қувватлар 800 минг тоннадан 2 млн тоннага етади. Бунинг учун инвестор шу йилнинг ўзида 120 млн доллар маблағни тўғридан тўғри молиялаштирмоқда.
Фарғона – Ясин бренди билан чиқаётган цемент маҳсулоти Ўзбекистон қурилиш бозорида етакчига айланди.

–Биз 600 иш ўрнини яратдик ва унга маҳаллий аҳоли вакиллари қабул қилинмоқда. Бундан ташқари яна 3 мингдан ортиқ одам билвосита қўшма корхона туфайли даромадли бўлади, - дейди “Фарғона – Ясин қурилиш моллари” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси директор ўринбосари Гуан Жи Ю. –Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланди. Биргина ўтган йили ички бозорга деярли ярим триллион сўмлик юқори сифатли цемент маҳсулоти етказиб бердик.
Хитойлик инвесторларнинг мамнунлиги мамлакатимизда уларга яратилган қулай шароитлар, жумладан иқтисодий ва солиқ имтиёзларидандир. Шу кунларда Хитойнинг Сиань шаҳрида олтита давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтиши кутилаётган “Марказий Осиё – Хитой” саммитини улар ҳам интиқлик билан кутишмоқда.

–Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой давлати раҳбари Си Цзиньпинь билан учрашуви чоғида бизнинг яна бир – энг юқори, экологик тамойилларга мос “Портланд 700” нисбатли цемент маҳсулоти ишлаб чиқарувчи завод қурилишга оид лойиҳа ҳам тилга олинишидан умидвормиз. Зеро у Ўзбекистон инфратузилмасини қуришда “Хитой кучи” сифатида иштирок этаётган етакчи технология, етакчи бошқарув, етакчи самарадорликка эга цемент заводи бўлади, - дейди Гуан Жи Ю.
Бугун Ўзбекистон Президентининг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи бошланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19 май куни бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Хитой” саммитидаги иштироки ва унда қабул қилинадиган ҳужжатлар икки мамлакат амалий ҳамкорлиги борасида яна бир муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QgivS8DBgXk" title="Гуан Жи Ю: “Хитой – Марказий Осиё” форумидан умидимиз катта" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов