Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Грузиялик санъаткорлар туҳфаси
09:47 / 2026-03-10

Грузин рақслари ўзининг миллий ва бетакрорлиги, шиддати, завқ ва жозибага бойлиги билан диққатга сазовор. Бу санъат мағрур халқнинг ўзлиги, бетакрор анъаналари, орзу-умидларини мужассам этгани билан аҳамиятли. Пойтахтимиздаги "Халқлар дўстлиги" санъат саройида Грузиянинг “Эрисиони” ансамбли иштирокида катта концерт дастури санъат мухлислари эътиборига ҳавола этилди.

Ўзбекистонда "Грузия маданият кунлари" доирасида ўтказилган ушбу концерт Гуржистоннинг наинки рақс, қўшиқчилик, мусиқа ижрочилиги санъати, балки гўзал табиати, денгизга туташ мафтункор ҳудудларига видеолавҳа орқали саёҳат қилиш имконини берди.  

“Эрисиони” грузин тилидан она тилимизга таржимада “юксаклик, юксалиш” маъносини англатади. Бу сўз кўпинча кун ботиши пайти қуёш тоғ чўққиларини ёритганида қўлланилади.  

“Эрисиони” ансамбли энг кекса ижодий жамоалардан саналади. Ижодий жамоа 1885 йилда ташкил этилган бўлиб, йиллар давомида унга Михаил, Сандро, Давид ва Анзор Кавсадзе, Григол Кокеладзе, Григол Чхиквадзе, Кирил Пачхория, Шалва Мшвелидзе, Валериян Цигареишвили, Гурам Бакрадзе, Давид Жавришвили, Жано Багратиони, Бухути Дарахвелидзе, Гамлет Гонашвили, Илья Закаидзе  каби хореографлар раҳбарлик қилган. Ансамбль бир неча граммпластика, CD-диск ва DVD-дисклар чиқаришга муваффақ бўлган.  

Гуржистонлик санъаткорларнинг пойтахтимизда бўлиб ўтган рақслари ўз жозибаси ва бетакрорлиги билан томошабинларни мафтун этди. Жўшқин мусиқа, саҳнада гўё оққушдек сузиб хиром қилган раққоса қизлар, чапдаст гуржи йигитларнинг эпчил  ҳаракатларини томошабинлар қарсак билан кутиб олди.  

Мусиқа оқшоми дўстлик, санъат байрами сифатида юқори савида бўлиб ўтди.  

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири