Грузияда президентлик сайлови 14 декабрь куни бўлиб ўтади
Грузия парламенти президентлик сайловини ўтказиш санасини тасдиқлади – 14 декабрь. Ушбу қарор ялпи мажлисда бир овоздан қабул қилинди. 80 нафар депутат лойиҳа учун овоз берган. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри хабар берди.
Жорий йил сайлов умумхалқ овоз бериш йўли билан эмас, балки сайловчилар коллегияси ёрдамида ўтказилади. Давлатнинг амалдаги раҳбари Саломе Зурабишвилининг ваколати 16 декабрь куни тугайди. Янги президент инаугурацияси 29 декабрга режалаштирилган.
Дарвоқе, парламент йиғилишларида фақат ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси аъзолари иштирок этяпти, мухолиф депутатлар жараёнга қарши байкот эълон қилган.
2017 йил қабул қилинган янги конституцияга кўра, ушбу мамлакат парламент бошқаруви тизимига ўтган. Президент асосан вакиллик вазифаларини бажаради, асосий ваколат Бош вазирда. Президентни 300 нафар аъзодан иборат махсус коллегия сайлайди. Улардан 150 нафари депутат, қолган ярми маҳаллий ҳокимият идоралари вакиллари.
ЎзА