Грузия ҳукумати 2026 йилдан бошлаб айрим товар ва хизматларни давлат харидида мустақил равишда амалга оширадиган марказлашган харид органини ишга туширмоқчи. Бу ҳақда “Trend”ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Янги органнинг асосий мақсади — давлат маблағларини шаффоф ва натижали тақсимлаш, шунингдек, харид эҳтиёжларига ўз вақтида ва самарали жавоб беришдир. Шу билан бирга, марказлашган харид натижасида тузилган шартномаларнинг бажарилиши ҳам ушбу орган назоратида бўлади.
Марказлашган харид органи орқали ҳар йилда амалга ошириладиган харидларнинг қиймати тахминан 2 миллиард грузин лариси (745 миллион АҚШ доллари)ни ташкил этиши кутилмоқда.
Харидлар бирлаштирилган тендерлар орқали амалга оширилади ва алоҳида харид қилувчи ташкилотлар талабига кўра қўллаб-қувватлаш механизмлари ишга туширилади.
Марказлашган харид органини ташкил этиш Грузиянинг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуни билан белгиланган ва Европа Иттифоқи билан тузилган Ассоциация келишуви доирасидаги мажбуриятларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА