Грузия ҳукумати иқтисодий ўсишнинг янги прогнозини эълон қилди ва ушбу кўрсаткич йил охирига келиб 10 фоизни ташкил қилишини маълум қилди, деб ёзмоқда Trend агентлиги Грузия янгиликларига таяниб.
Мазкур маълумотни эълон қилган Грузия молия вазири Лаша Хуцишвилининг таъкидлашича, ҳукумат бу йил шундай натижани кутмоқда.
«Табиийки, биз шуни кутмоқдамиз. Октябрь ойида Грузия иқтисодиёти 6,9 фоизга ўсди, Умуман, 10 ойлик ўсиш кўрсаткичи ўртача 10,5 фоизни ташкил этди. Шунга муносиб равишда биз бюджет прогнозларини қайта кўриб чиқдик ва бу йил иқтисодий ўсиш 9,5 фоиздан 10 фоизгача ўсади, деган тўхтамга келдик. Келаси йили ҳам юқори ўсиш кўрсаткичларига эришилади. 2022-2025 йилларда ўртача иқтисодий ўсиш 5,5 фоиз атрофида бўлади. Шундай қилиб, иқтисодиётнинг умумий ҳажми келаси йилда 65 миллиардларидан ошади, Бу жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот 5 минг 500 доллар деганидир», деди Хуцишвили.
Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили ҳам аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг 5,5 минг долларга чиқиши «тарихий энг юқори кўрсаткич» эканини таъкидлади.
Бош вазир ҳукумат мажлисида сўзга чиқиб, Грузиянинг давлат қарзлари ҳозирги 60 фоиздан 2022 йилда 51,1 фоизгача тушишини маълум қилган.
Мамлакат молия вазирининг маълумотларига кўра, 2020 йилда Грузиянинг давлат кафолати билан олинган ташқи қарзи 31,3 фоизга ўсиб, жами 7,5 миллиард доллардан ошган.
Грузия иқтисодиёти 2020 йилда 6 фоизга тушиб кетган эди. шундан кейин, яъни 2021 йилда иқтисодий тикланиш жараёни бошланди ва ўсиш кўрсаткичлари 10,5 фоизга етди. Ушбу ўсиш кўрсаткичлари мамлакат иқтисодиётининг қарийб барча параметрларида, жумладан, экспорт ва импортда, пул ўтказмалари ва корхоналарнинг айланма маблағларида ўз аксини топган, дейилади хабарда.