АҚШ Президенти Дональд Трамп Гренландия масаласини очиқчасига сиёсий ўйин даражасига олиб чиқди. "Reuters" ёзишича, у орол устидан назорат ўрнатиш истагини Тинчлик бўйича Нобель мукофотини ололмагани билан боғлаб, Европага қарата янги савдо уруши эшигини очди.
Нобель мукофоти берилмагач, Америка етакчиси “фақат тинчлик ҳақида ўйлаш масъулияти”ни ҳис этмаяпти. Унинг сўнгги баёноти Европада хавотирни кучайтирди. Гап фақат мукофот ёки Гренландия ҳақида эмас, балки НАТО доирасидаги ишонч, трансатлантик муносабатлар ва глобал барқарорлик ҳам синовда.
Данияга Гренландияни ҳимоя қила олмаслигини пеш қиларкан, Қўшма Штатлар раҳбари Европа давлатларини тариф орқали жазолаш билан таҳдид қилмоқда. Февралдан бошлаб бож бўйича келишувга эришилмаса, ёзда янада оғир иқтисодий босим кузатилиши мумкин. ЕИ буни очиқчасига мажбурлаш, деб баҳолади ва қарши чоралар тайёрлай бошлади.
Брюссель сценарийси қатъий: миллиардлаб евролик АҚШ импортига тариф ёки илгари ҳеч қўлланмаган “аксил мажбурий механизм”. Европа етакчилари фикрида собит — ҳудуд сотилмайди, одамлар савдо объекти эмас.
Гренландия ҳукумати ҳам аниқ позицияда: босим қабул қилинмайди, қарор фақат халқ иродаси ва халқаро ҳуқуқ асосида қабул қилинади. Дания эса Арктикадаги ҳарбий машғулот билан вазиятни жиддий қабул қилаётганини кўрсатди.
Бу можаро савдо ёки дипломатия тортишувидан кўра кенгроқ. Нобель мукофотидан бошланган ранж бугун тарифга, эртага Альянс тақдирига таъсир қилиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА