Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гренландия масаласида “Кипр сценарийси” қўлланиладими?
16:05 / 2026-01-22

Қўшма Штатлар ва NATOдоирасида муҳокама қилинаётган Гренландия бўйича келишув орол устидан Дания суверенитетини сақлаб қолишни назарда тутади. Бу ҳақда “Axios” нашри хабар бермоқда.

Таъкидланишича, келишув АҚШ ва Дания ўртасида 1951 йилда имзоланган “Гренландия мудофааси тўғрисидаги битим”ни янгилашни кўзда тутади. Ушбу ҳужжат Вашингтонга оролда ҳарбий базалар қуриш ва NATO зарур деб топган тақдирда ҳимоя ҳудудлари ташкил этиш ҳуқуқини беради.

“The Telegraph” нашри манбаларга таяниб ёзишича, ҳужжат Гренландиянинг Дания таркибида қолишини тан олган ҳолда, АҚШ ҳарбий объектлари жойлаштириладиган айрим ҳудудлар унинг суверен ҳудуди сифатида қаралиши мумкин.

Экспертлар буни Буюк Британия ва Кипр ўртасидаги тажриба билан қиёсламоқда. Маълумки, Кипр мустақилликка эришганидан кейин ҳам Акротири ва Декелия ҳудудлари Буюк Британиянинг суверен ҳарбий базалари сифатида сақланиб қолган.

“Reuters” ахборот агентлиги NATO матбуот котиби Эллисон Ҳарт сўзларини келтириб, Марк Рютте Дональд Трамп билан музокараларда Дания суверенитети масаласида ҳеч қандай муроса таклиф қилмаганини таъкидлади.

Марк Рютте эса “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Гренландияни қўшиб олиш мавзуси муҳокама қилинмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, асосий эътибор Арктика хавфсизлиги ва минтақага РФ ҳамда ХХР фаолиятининг ортиб бораётганига қаратилган.

Д.Ҳакимов, ЎзА