Дональд Трампнинг АҚШ Гренландияни назоратига олиши ҳақидаги кескин чиқиши Арктика минтақасида сиёсий тарангликни кучайтирди. Бунга жавобан Гренландия ҳукумати ва НАТО (Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти) орол хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.
Трамп Гренландия АҚШ миллий хавфсизлиги учун “стратегик жиҳатдан муҳим”лигини айтиб, орол ўзлаштирииш даъвосини илгари сурди. Мазкур баёнот Дания таркибидаги йирик мухтор ҳудуд ва НАТО доирасида жиддий хавотир уйғотди.
Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен орол хавфсизлиги Шимолий Атлантика альянси билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мудофаа тизими Дания, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан яқин ҳамкорликда айнан НАТО доирасида ривожлантирилиши керак.

Ташкилот Бош котиби Марк Рютте ҳам Арктика хавфсизлигини кучайтириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинаётганини билдирди. Ҳозирча аниқ қарор қабул қилинмаган бўлса-да, альянс доирасида Арктикада янги миссия очиш ғояси кўриб чиқилмоқда.
Дания Бош вазири Метте Фредериксен эса агар АҚШ Гренландияни куч билан эгаллашга уринса, бу НАТОга нисбатан ҳам жиддий зарба бўлишини айтди. Дарвоқе, Дания Вашингтонни тинчлантириш мақсадида 2025 йил Арктика хавфсизлиги учун қарийб 11 миллиард евро ажратган.
Аҳолиси атиги 57 000 кишидан иборат Гренландия бой минерал ресурсларга эга, географик жиҳатдан муҳим нуқтада жойлашган анча кенг ҳудуд. Совуқ уруш даврида орол АҚШнинг бир неча ҳарбий базасини қабул қилган. Ҳозир шулардан фақат биттаси қолган. Амалдаги битимга кўра, Вашингтон Данияни хабардор қилган ҳолда, Гренландияга қўшимча қўшин жойлаштириши мумкин.
Айни пайт дипломатик йўналишда ҳам ҳаракат кучайган. Шу ҳафта Дания ва Гренландия вакиллари АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан Вашингтонда учрашиши кутиляпти.
Гренландия ҳукумати қатъий позицияда: АҚШ томонидан оролни эгаллаш “ҳеч қандай шароитда қабул қилинмайди”. Сўров ҳам аҳолининг аксарияти Қўшма Штатларга қўшилиш ғоясига қарши эканини исботлади. Маҳаллий халқ фикрича, улар тарихда мустамлака бўлган, энди ўша ҳолатга қайтишни истамайдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Гренландия атрофидаги баҳс Арктиканинг нафақат ҳарбий, балки сиёсий ва геостратегик аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатмоқда. НАТО учун бу ҳудуд хавфсизлиги умумий иттифоқ барқарорлиги масаласига айланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА