Жаҳон молия бозори яна бир бор сиёсий зарбани ҳис қилди. АҚШ Президенти Европанинг саккиз давлатига нисбатан янги тариф жорий этилишини эълон қиларкан, савдо уруши хавфи қайта жонланди, доллар заифлашди.
Трампнинг баёноти очиқча шартга ўхшайди: агар Вашингтонга Гренландияни сотиб олиш йўли очилмаса, Дания, Германия, Франция, Буюк Британия ва Европанинг бошқа қатор давлатларидан АҚШга кириб борадиган маҳсулотларга февралдан 10 фоиз, июндан эса 25 фоиз бож қўлланади. Кўҳна қитъадаги пойтахтлар бу қарорни иғво сифатида баҳолаган.
Натижа узоқ куттирмади. Европа фонд бозорида савдо сусайди, Осиёда таваккалчиликдан қочиш кайфияти ҳукмрон. Доллар босим остида қолди, сармоядорлар кўпроқ евро, йена ва Швейцария франкига мурожаат қилмоқда. Хавфсиз актив сифатида олтин тарихий рекордни янгилади.
Таҳлилчилар диққатни муҳим парадоксга қаратмоқда: тариф сиёсати Европани нишонга олаётгандек кўринса-да, асосий зарбани АҚШнинг ўзи оляпти. Сиёсий таваккалчилик доллар обрўсини емирмоқда. Натижада пул оқими ва Вашингтон активига ишонч сўроқ остида қоляпти.
Европа ҳолатга жавоб қайтариш ниятида. Брюсселда илгари синовдан ўтмаган иқтисодий қарши чоралар муҳокама қилина бошлади. Савдо уруши яна кун тартибига қайтди, глобал иқтисод навбатдаги ноаниқлик даврига қадам қўймоқда.
Энди можаро фақат тариф туфайли эмас. Гап ишонч, сиёсий барқарорлик ва глобал тизим қанчалик мустаҳкамлиги ҳақида кетяпти. Бозорлар асл вазиятни аллақачон сезиб улгурди.
Мусулмон Зиё, ЎзА