Қўшни Туркманистон билан ўрмон қонунчилиги бўйича тажриба алмашиш, ёнғоқ, писта ва зайтун каби дарахтли экинларни кўпайтириш, халқаро табиатни муҳофаза қилиш конвенцияларини амалга ошириш, қўшма илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш, ўрмон ёнғинларининг олдини олиш ва зараркунандаларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорликлар йўлга қўйилади.
Шунингдек, халқаро донорлар учун қўшма лойиҳавий таклифлар тайёрлаш, иқлим ўзгаришининг таъсирини ўрганиш, айниқса, Оролбўйи ҳудудида, шифобахш ўсимликларни сақлаш бўйича тажриба алмашиш, ов хўжалиги, экологик маданият ва туризм йўналишларини ривожлантириш ҳам режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди. Вазирлик томонидан маълум қилинганидек, Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков Туркманистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Чарйгелди Бабаниязов билан учрашди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди ва 2026-2030 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги бўйича ҳамкорликка доир “Йўл харитаси”ни имзолашга тайёргарлик масаласида келишиб олинди.
Мазкур “Йўл харитаси”да юқоридаги ҳамкорликлар билан бирга “Green University” учун туркман талабаларига грант ўринлари ажратиш, шунингдек, уларни Ўзбекистон ОТМларида экологик йўналишларда тайёрлаш масаласи ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, учрашувда ковракнинг ёввойи турларини сақлаш бўйича ҳамкорлик салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Туркманистон томонидан тиклаш ва илмий тадқиқот мақсадлари учун уруғ ёки кўчат материаллари етказиб бериш имконияти кўриб чиқилмоқда. Сурхондарёда коврак етиштириш бўйича қўшма пилот лойиҳани амалга ошириш таклиф этилди.
Шунингдек, томонлар чўлланишга қарши курашиш, чўлга бардошли экинлар майдонларини кенгайтириш, умумий кўчатхона яратиш ва “чўл агроўрмончилиги” йўналишини ривожлантириш борасида қўшма тадқиқотларни кучайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
М.Комилова тайёрлади, ЎзА