Грециялик шахматчини мағлуб этган Абдусатторов АҚШ вакили билан баҳслашади
Бугун, 1 декабрь куни Лондондаги “Emirates Stadium” мажмуасида давом этаётган “XTX Markets London Chess Classic" турнирининг 6-турида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда америкалик Сэм Шенкленд билан куч синашади.
Кеча мукофот жамғармаси 50 минг фунт стерлингдан иборат турнирнинг 5-турида Абдусатторов оқ доналарда грециялик Николас Теодороуга қарши дона сурди.

Абдусатторовнинг устунлигида ўтган баҳсда ҳамюртимиз Николас Теодороуни 48-юриш ҳолатида таслим этди.

Ушбу ғалабадан кейин Нодирбек очколари сонини 4,5 тага етказган ҳолда якка пешқадамга айланган бўлса, 3,5 очкога эга франциялик Алиреза Фирузжа 2-ўринда бормоқда.

9 та турдан иборат “XTX Markets London Chess Classic" мусобақаси 5 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА