Минглаб юнонлар, талабалар поезд ҳалокатига бир йил тўлиши муносабати билан Афина маркази бўйлаб намойишга чиқишди. Иш ташловчилар маошни ошириш, мамлакатда адолат ўрнатишни талаб қилишмоқда. 24 соатлик акция сабаб мамлакат бўйлаб темир йўл ҳаракати чекланди, пойтахтда жамоат транспорти тўхтади. Намойишчиларга қўшилган талабалар парламент биноси олдида вафот этганлар исмини ёзиб кетишди.
2023 йил 28 февралда Афинадан Салоники шаҳрига кетаётган йўловчи поезд юк ортган таркиб билан юзма-юз тўқнашиб, оқибатда 57 киши ҳалок бўлган. Бу воқеа темир йўл соҳасига йиллар давомидаги эътиборсизлик учун оммавий норозилик келтириб чиқарган эди. Ҳалокатдан кейин консерватив ҳукумат темир йўлларни ислоҳ этиб, хавфсизроқ қилишга ваъда берди. Афсуски, орадан бир йил ўтса-да, ваъда бажарилмаган.
– Ҳукумат бошлиғи, фуқаро ва ота сифатида мамлакат қайғусига шерикман, – деди Бош вазир Кириакос Мицотакис телевидение орқали мурожаатида. Шунингдек, у давлатнинг доимий камчиликларини тузатишга ваъда берган. Намойишчилар бир йўла давлат секторида 14 йилдан сўнг биринчи марта маош етарли даражада оширилмаганига қарши норозилик билдиришди. Улар таъкидлашича, иш ҳақини 10 фоиз ошириш керак, чунки ўсиш яшаш нархи ошиши билан тенг эмас. Консерватив ҳукумат 2019 йил иш бошлагандан бери, энг кам ойлик маошни 20 фоиз ошириб, 780 евро (844 доллар)га етказди. 2027 йилга бориб ойлик иш ҳақини 950 еврогача кўтариш ваъдаси берилди. Барибир, мамлакатда ойлик маош ҳалиям Европа Иттифоқи ўртача даражасидан орқада.

Кенг тарқалган иш ташлаш темир йўл ҳаракатини тўхтатиб қўйди.

Ҳалокат жойида вафот этган 57 киши хотирасига гул қўйилди.

Намойишчилар темир йўл оператори қароргоҳи олдида тўпланди.

Талабалар парламент биноси олдида ҳалок бўлганлар исмини ёзиб кетди.
Сардор Поёнов, ЎзА