Мамлакатимизда таълим тизимини янада ислоҳ этиш ва ривожланган давлатларнинг самарали ўқув методларини ўрганиш, тажриба алмашинув бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Греция Олий таълим вазири ўринбосари Николаос Папаиоанноу билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида томонлар икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги бевосита ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, шунингдек, мутахассислар ҳамда тадқиқотчиларнинг икки мамлакатда ташкил этиладиган халқаро конференция, симпозиум, семинар ва давра суҳбатларида фаол иштирокини таъминлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Греция ўртасидаги ҳамкорлик ҳозирда асосан Европа Иттифоқининг “Эрасмус+” таълим дастури доирасида йўлга қўйилган. Мазкур дастур орқали мамлакатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда академик ҳаракатчанликни кенгайтириш йўналишларида самарали натижаларга эришилмоқда.
Бугунги кунда Тошкент давлат техника университети Афина технологик ўқув институти билан, Андижон машинасозлик институти эса Ғарбий Аттика университети билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу тажрибани кенгайтириш мақсадида бошқа Ўзбекистон ОТМларини ҳам Греция олий таълим муассасалари билан қўшма лойиҳаларга жалб этиш таклифи илгари сурилди.
Шунингдек, Греция университетларининг профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари Ўзбекистон олий таълим муассасаларида маърузалар ўқиш, дарс машғулотларини олиб бориш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида мунтазам таклиф этиб келинмоқда.
Ўзбекистон томонидан айрим соҳаларда, хусусан, технологиялар, муҳандислик, туризм ва маданиятшунослик йўналишларида грециялик олим ва мутахассислар маҳорат дарслари ўтказиши ҳамда илмий лойиҳаларда иштирок этишига янада кенгроқ жалб этиш ташаббуси илгари сурилди.
Мулоқот якунида томонлар олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда Европа Иттифоқининг “Эрасмус+” дастури доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА