Грециянинг Аминдеон шаҳрида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида кураш бўйича ўтказилган Греция чемпионати ўзбек спортининг жозибасини намойиш этди.
Ёшлар ва ўсмирлар ўртасида энг кучли полвонларни аниқлаш ҳамда кураш бўйича Греция терма жамоаси таркибини шакллантириш мақсадида ташкил этилган чемпионатда 163 нафар спортчи ғолиблик учун гиламга чиқди. Беллашувлар юқори савияда, кескин ва муросасиз руҳда кечди.

Эътиборга молик жиҳати, Греция кураши тарихида илк бор ушбу чемпионат доирасида имконияти чекланган ёшлар, хусусан кўзи ожиз спортчилар ўртасида ҳам баҳслар ташкил этилди. Матонати ва спортга бўлган қизиқишини намоён этган иродалилар орасида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Греция терма жамоаси таркибини маҳоратли курашчи ёшлар билан тўлдиришга хизмат қилган чемпионат якунида ташкилотчилар барча иштирокчилар, айниқса имконияти чекланган спортчиларга курашга бўлган қизиқиши ва фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди.
Т.Рўзиев,
ЎзА