Андижонда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлинмаси томонидан навбатдаги давлат грант ва ижтимоий буюртма танловлари якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутатлари, вилоят адлия бошқармаси мутахассислари, вилоятда фаолият олиб бораётган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Унда ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида эълон қилинган грант ва давлат буюртмаси танловлари натижалари, танловларда вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки хусусида атрофлича сўз юритилди.
Дастлаб Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши котибияти мудири Насибахон Тўйчиева сўз олиб, мамлакатимизда давлат томонидан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
[gallery-24399]
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зардуной Исмоилова томонидан вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари жамиятдаги турли жараёнлар, хусусан, давлат гранти танловларида фаол иштирок этаётганлиги алоҳида қайд этилди.
– Маълумки, жамоат фонди томонидан жорий йилда ҳудудлардаги ижтимоий муҳофаза, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият, спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш сингари қатор йўналишларда давлат гранти танлови эълон қилинган эди, – дейди Зардуной Исмоилова. – Вилоятдан ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан электрон, яъни ngo.gov.uz платформаси орқали ўтказилган танловга 28 та, фонднинг вилоят бўлинмаси танловида эса 14 та, жами 42 та лойиҳа тақдим этилди. Танловда 22 та лойиҳа тақдим этувчи илк бор иштирок этган.
Таъкидлаш жоизки, грант танловига лойиҳа тақдим этиш, уларни Парламент комиссияси томонидан баҳолаш жараёнларини шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида танлов илк марта рақамлашган ҳолда ngo.gov.uz платформасида амалга оширилди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон вилоятидан 10 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 миллиард 243 миллион сўм маблағ жалб этилиши кўзда тутилган.
Анжуманда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Шерзодбек Валиевнинг “Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ягона электрон платформа”дан фойдаланиш”, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахоновнинг “Давлат гранти маблағларини самарали бошқариш: шаффофлик, мақсадлилик ва манзиллилик тамойиллари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Шунингдек, грант танловида иштирок этиш, лойиҳаларни амалга ошириш, ҳисоботлар тайёрлаш ва бошқа масалалар юзасидан савол-жавоблар бўлди.
Анжуманда грант танлови ғолибларига сертификатлар топширилди, лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди. Иштирокчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.