Грант ғолибларига сертификатлар топширилди
Навоий вилояти ҳокимлигида ушбу грант ғолибларига сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Миллий тикланишдан – милий юксалиш сари” мавзусидаги давлат гранти 3-танлови ва “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” мавзусидаги давлат гранти 4-танлови ғолиблари аниқланган эди.
Ушбу танлов совриндорлари орасида Навоий вилоятида фаолият юритаётган 9 та нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳам борлиги қувонларлидир.
Навоий вилояти ҳокимлигида ушбу грант ғолибларига сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов иштирок этиб, юртимизда нодавлат-нотижорат ташкилотларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
Жумладан, ҳозирги кунда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим воситасига айланмоқда. Ўтган давр мобайнида фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу соҳа ривожига қаратилаётган эътиборни кўрсатади.
– Бу танловда иштирок этиб, грант ғолибига айланганимдан хурсандман, – дейди Алишер Навоий халқаро жамоат бирлашмаси раиси Улуғбек Сатторов. – Лойиҳамиз “ Китоблар эзгуликка етаклар” шиори остида Конимех тумани ёшларини китобхонликка жалб этиш” деб номланган. Айни вақтда ўтказилган кузатиш ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш борасида ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммолар ечимини кутиб турибди.
Хусусан, узоқ ва чекка қишлоқларимизда на кутубхона мавжуд ва на китоб дўконлари бор. Халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган сифатли китобларни чоп этиш, таълим муассасалари ва ахборот кутубхоналарининг китоб фондини тизимли равишда бойитиб борилмаслиги ҳам аҳоли айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни оммалашишига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Лойиҳамизни амалга ошириш жараёнида имкон қадар ушбу муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилган ҳолда ҳудуд ёшларини китоб мутолаасига қизиқтира олсак, мақсадимизга эришган бўламиз.
Тадбирда бир қатор иштирокчилар сўзга чиқиб, имкон қадар лойиҳанинг самарадорлигини ошириш мақсадида грант суммасини кўпайтириш, ННТ ходимларини давлат мукофотларига тавсия этиш чораларини кўриш, лойиҳа доирасида янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратиш ва грант маблағларидан оқилона фойдаланиш юзасидан монитотринг ишларини йўлга қўйиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.


