Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Грант ғолиблари аниқланди
18:56 / 2025-07-20

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан эълон қилинган грант танловлари ғолибларига махсус сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

[gallery-24392]

Ҳудудларда сақланиб қолаётган муаммоларни фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ҳал этиш, уларнинг ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Парламент комиссияси аъзолари ва Жамоат фонди вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан жорий йилда республиканинг барча ҳудудларида ижтимоий аҳамиятга молик муаммолар ўрганилиб, Парламент комиссияси томонидан ҳудудлар кесимида ушбу муаммоларнинг ечимига қаратилган давлат гранти танлови эълон қилинган эди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш, таълим, маданият ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш каби йўналишларни қамраб олган грант танловига фуқаролик жамияти институтларидан ngo.gov.uz платформаси орқали Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган 7 та йўналишдаги грант танловига 64 та ташкилот, Жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан эълон қилинган 6 та йўналишдаги грант танловига 40 та ташкилот, жами 104 та лойиҳа топширилган.

Таъкидлаш жоизки, грант танловига лойиҳа тақдим этиш, уларни Парламент комиссияси томонидан баҳолаш жараёнлари илк бор рақамлаштирилган ҳолда очиқ-ошкора тизимда ngo.gov.uz платформасида амалга оширилди.

Баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, Республика бўйича Парламент комиссияси 28 та танловнинг 166 та йўналиши бўйича 172 та лойиҳани ғолиб деб топди ва ушбу лойиҳаларга 18 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилади. Бу кўрсаткичда Қорақалпоғистон Республикаси кесимида эса 13 та йўналиш бўйича 14 та лойиҳа ғолиб деб топилди ва уларга жами 1 миллиард 456 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Бу йилги грант танловининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, лойиҳалар ҳудудлар кесимида пропорционал тарзда тақсимланган ва Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан бир лойиҳа 200 миллион сўмгача ва Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан 100 миллион сўмгача молиялаштирилмоқда.

Тадбир якунида ғолибларга сертификатлар топширилди.

Довуд Абибуллаев,  Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА