Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Grand Swiss FIDE”да 4 нафар шахматчи 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда
10:29 / 2023-11-03

Мукофот жамғармаси 600 минг АҚШ долларидан иборат бўлган “Grand Swiss FIDE” халқаро турнирининг 8-тур ўйинлари ортда қолди. Унда ФИДЕ байроғи остида дона сураётган Андрей Есипенко, ҳиндистонлик Сантош, АҚШлик Каруана, руминиялик Богдан-Даниел Диаc 6 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда.

Кеча ўтказилган 8-тур ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган тўрт нафар шахматчимизнинг барчаси дуранг натижа қайд этди.  

Жавоҳир Синдоров қора доналарда Англия шарафини ҳимоя қилаётган Никита Витюгов билан, Нодирбек Ёқуббоев ҳиндистонлик Прагнанандха билан, Нодирбек Абдусатторов хорватиялик Иван Шарич билан, Шамсиддин Воҳидов украиналик Руслан Пономарёв билан ярим очкодан бўлишиб олди.  

Бугун, 3 ноябрь куни халқаро турнирнинг 9-турида Жавоҳир Синдоров - Максим Вашье-Лаграв (Франция), Беньямин Гледура (Венгрия) — Нодирбек Абдусатторов, Сэм Шанкланд (АҚШ) — Нодирбек Ёқуббоев,  Кирил Шевченко (Руминия) — Шамсиддин Воҳидов учрашувлари бўлиб ўтади.  

Дунёнинг 164  шахматчиси қатнашаётган “Grand Swiss FIDE” турнирида айтиб ўтганимиздек 4 нафар гроссмейстер пешқадамлик қилаётган бўлса, уларни таъқиб этаётган 9 нафар шахматчи 5,5, 9 нафари 5, 25 нафари 4,5 очкога эга бўлиб турибди.  

Ҳамюртларимиздан Жавоҳир Синдоров 5 очко билан 15-ўринда, 4,5 очко жамғарган Нодирбек Ёкуббоев 26-поғонада, Нодирбек Абдусатторов 41-ўринда, 3,5 очко қўлга киритган Шамсиддин Воҳидов эса 114 нафар иштирокчи орасида 81-қаторда бормоқда.  

Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро турнир 11 турдан иборат бўлиб, 6 ноябрга қадар давом этади. Эркаклар ўртасидаги совринли ўринлар учун белгиланган 460 минг АҚШ доллари 31-ўрингача тақсимланади.  

Т.Рўзиев, ЎзА