Бугун, 13 сентябрь куни Самарқандда қизғин курашлар остида ўтаётган “Grand Swiss-2025”нинг 9-турида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 6 очко билан гуруҳда етакчилик қилаётган германиялик Маттиасу Блюбаумга қарши дона суради.
Кеча ўтказилган 8-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Муҳаммадзоҳид Суяров, Жаҳонгир Ваҳидов ва Шамсиддин Воҳидов рақиблари билан дуранг ўйнади. Маҳоратли ёш шахматчимиз Абдумалик Абдусалимов германиялик рақибини таслим этиб, турнирдаги учинчи ғалабасини тантана қилди. Оқ доналарда ҳаракатланган Муҳиддин Мадаминов ва Ортиқ Ниғматов рақибларига имкониятни бой бериб қўйишди.
8-турда кучлилар билан ўтган баҳсларда хотин-қиз шахматчиларимиздан Умида Омонова ўзидан рейтинг кўрсаткичи анча баланд бўлган польшалик Клаудиа Кулонни қора доналарда мағлуб этганлиги таҳсинга лойиқ саналади. Қолган шахматчиларимиз Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Мадинабону Халилова ва Гулдона Каримова рақиблари билан муроса йўлини танлашди.

Турнирда етакчиликка даъвогарлар ўртасидаги мусобақаларда германиялик Венсент Кеймер 2023 йилги “Grand Swiss” турнири ғолиби ҳиндистонлик Видитни мағлуб этди. Етакчилик қилаётган Маттиасу Блюбаум ва Ниҳал Сарин ўртасидаги ўйинда ҳам кучлар тенг келди. Умумий ҳисоб-китобдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, совринли ўринларга яқин бўлган ўнта учрашувнинг саккизтасида дуранг қайд этилди.
Аёллар ўртасидаги баҳслардан ҳиндистонлик Ваишали Рамешбабунинг қозоғистонлик Бибисора Асоубаевага ютқазиб, даъвогарлар сафидан чиқиб кетганлиги турнинг энг шов-шувли воқеаси бўлди, дейиш мумкин. ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Катерина Лагно украиналик Мария Музичукни тор-мор этиб, ярим очко фарқи билан етакчига айланиб олганлиги ҳам ҳайратланарли кўриниш олди.
Эркаклар гуруҳида Маттиасу Блюбаум ва Ниҳал Сарин 6 очко билан етакчилик қилаётган вазиятда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 5,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 6-ўринда бормоқда. Худди шунингдек 7 нафар иштирокчи ҳисобида ҳам 5,5 очко мавжуд.

Кўриниб турибдики, 9-тур остонасида ғолиблик ва совриндорликка даъвогарлар сафи турдан турга тобора ойдинлашиб бормоқда. Улар қаторида Абдусатторовнинг борлиги қувонарли ҳол, албатта. Аммо бу даврага Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоевнинг қўшила олиш имконияти қай даражада эканлигига айнан бугун ўтадиган тур ўйинлари ҳамда уларнинг теграсида кечадиган бошқа ўйинлар аниқлик киритиб беради. Бугунги турда Синдоров испаниялик Максим Чигаев, Ёқуббоев словениялик Антон Демченко қаршилигини енгиши лозим бўлади.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 855 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг 625 минг АҚШ доллари очиқ, 230 минг АҚШ доллари аёллар мусобақасида совринли ўринларни эгаллаганлар ўртасида тақсимланади.
11 та турдан иборат турнир баҳслари 15 сентябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА