French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Grand Swiss-2025”: 14 ёшли шахматчи жаҳон чемпиони билан дуранг ўйнади
12:03 / 2025-09-06

Самарқандда шахмат бўйича ўтаётган “Grand Swiss-2025” турнирининг ортда қолган 2-тур ўйинлари жаҳонда классик шахматнинг нақадар ривож топганини, ёшлар кучлиларга муносиб қаршилик кўрсатиш, керакли пайтда улардан устун келиш даражасига етганини кўрсатди.

Кеча ортда қолган 2-тур ўйинларида ҳамюртларимиздан Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ФИДЕ рейтингида ўзидан деярли юз очко ортда бўлган германиялик Фредерик Сване билан, Жавоҳир Синдоров ҳам ушбу юрт вакили Расмус Сване билан муроса йўлини танлади.

Мазкур турда ғолибликка асосий даъвогарлардан бири саналган амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш оқ доналарда туркиялик 14 ёшли Ягиз Каан Эрдогмус билан, Аниш Гири Бирлашган Араб Амирликлари вакили Салем Салех билан дурангга эришгани Самарқанд мусобақалари дунё шахматида ёш авлод асри бошланаётганини кўрсатмоқда.

Ортда қолган 2-тур ўйинларида ҳамюртларимиздан Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда хитойлик Сянь Сюйни мағлуб этиб, турнирда етакчиликка даъвогарлик йўлида собит эканини кўрсатди.

Мазкур турда шахматчи йигитларимизнинг деярли барчаси дурангга эришгани ғолиблик учун кураш янада шиддатли тус олишини англатмоқда.

Турнирнинг аёллар мусобақасида дона сураётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Гулдона Каримова оқ доналарда грузиялик Лела Жавахишвилини мағлубиятга учратди. Афруза Ҳамдамова оқ доналарда қозоғистонлик Ксения Балабаева билан, Мадинабону Халилова руминиялик Ирина Бульмага билан муросага келган вазиятда, Умида Омонова қора доналарда ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Катерина Лагнога, Гулруҳбегим Тоҳиржонова оқ доналарда АҚШ вакили Карисса Йипга имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 6 сентябрь куни мусобақанинг 3-турида Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Абхиманью Пураникка, Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда франциялик Жюль Муссарга, Жавоҳир Синдоров оқ доналарда болгариялик Иван Чепариновга, Муҳаммадзоҳид Суяров арманистонлик Айк Мартиросянга, Абдумалик Абдусалимов нигериялик Теннисон Эвомазино Олисага, Ортиқ Ниғматов сербиялик Велимир Ивичга, Жаҳонгир Воҳидов ҳиндистонлик Пентала Харикришнага қарши дона сурса, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидов иштирокидаги ўзбек шахматчилари тўқнашуви рўй беради.

Хотин-қиз шахматчиларимиздан Афруза Ҳамдамова бугунги турда қора доналарда хитойлик Мо Чжайга қарши дона сурса, Гулдона Каримова ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган россиялик Ольга Гиря билан рўбарў келади.

Эркаклар турнирида 3-тур ўйинлари остонасида словениялик Антон Демченко, Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фирузжа ва эронлик Пархам Магсудлу 2 очко билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринлардан жой олган 29 нафар шахматчи ҳисобида 1,5 очко мавжуд. Улар орасида ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам бор.

Аёллар баҳсида эса австриялик Ольга Баделька ва ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу 2 очко билан турнир жадвалини бошқараётган бўлса, 15 нафар иштирокчи 1,5 очко билан уларни таъқиб этмоқда. Маҳоратли шахматчи қизларимиз Гулдона Каримова ва Афруза Ҳамдамова ҳам 1,5 очко билан турнирдаги иштирокини давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 855 минг АҚШ долларидан иборат нуфузли турнир мусобақалари 15 сентябрга қадар давом этади.

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА