Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида рассом Улуғбек Муҳаммадовнинг "Чизиқдан ранггача” номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Улуғбек Муҳаммадов 1984 йилда Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида туғилган.

1998-2000 йиллар Навоий вилояти Учтут нафис санъат лицей-интернатида ўқиган. 2001-2006 йилларда эса К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Дастгоҳли рангтасвир” факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Рассомнинг асарлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Германия, АҚШ, Чехия, Италия, Испания, Россия, Япония, Қозоғистон каби давлатлардаги шахсий коллекцияларда сақланиб келинади.

Тадбирда қайд этилганидек, рассомнинг биринчи чизган расми денгиз қиёфаси бўлган. Рассом ижоди ўзгалардан анча фарқ қилади. У асосан графика услубида ижод қилади. Графика рассом учун жуда қулай. У кўп ранглардан фойдаланиш рассомни чалғитади, деб ҳисоблайди. “Баҳор” асарида гилам орқасида гуллаган олхўри дарахтини тасвирлаган.

Рассом қишлоқ ҳаётига жуда меҳр қўйган. Шу боис ҳам оддийлик ва самимийлик унга жуда яқин. Асарларда ҳеч ким назари тушмаган жойларни ва мавзуларни топишга ҳаракат қилади. Эски обидаларни тасвирлашни яхши кўради.
Кўргазма жорий йилнинг 16 ноябригача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА