Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғозғон шаҳри: барчаси аҳоли фаровонлиги учун
11:45 / 2024-06-19

Навоий вилояти Ғозғон шаҳри ташкил этилганига беш йил бўлди.

Президентимиз 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида Ғозғон қўрғонида ҳам бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бир қатор топшириқлар берган эди. Фаоллар билан учрашувда эса Ғозғонга шаҳар мақомини бериш таклифини илгари сурди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 3 майдаги қарорига мувофиқ, Навоий вилоятида Ғозғон шаҳри ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида ҳудудда бир қатор ижтимоий соҳа объектлари ва саноат корхоналари ишга тушди. Янги иш ўринлари яратилди. Ғозғон том маънода қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган, десак муболаға бўлмайди. Бу ерда ижтимоий соҳа ва бошқарув объектлари қурилиши давом этмоқда.

– Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра 49 ўринли ихчамлаштирилган шифохона қурилмоқда, – дейди шаҳар ҳокими Азим Бозоров. – Бунинг учун жорий йилда 6,3 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Ҳозирда 1- ва 3-блокларда ташқи қурилиш ишлари, 2-блокда эса котлован қазиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги биноси қурилиши ҳам бошланган. Бу бинода ҳокимликдан ташқари, барча ташкилотлар учун жой ажратилади. Ҳокимлик ёнидан шаҳар прокуратураси биноси қурилмоқда. Хуллас, бугунги кунда шаҳар ҳудудида кенг кўламдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

[gallery-17901]

Айни пайтда шаҳарда қурилиш ишларидан ташқари, инфратузилмани янада яхшилаш борасида муайян ишлар бошланган. Жумладан, Ғозғон шаҳрида саноат корхоналарининг узлуксиз ишлаши ва янги режалаштирилган лойиҳаларни зарур бўладиган электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қуввати 25 мВТ бўлган 2 та трансформаторли нимстанция ва 12 километр узунликдаги 2 занжирли 110 кВТ қувватли электр тармоғи қурилмоқда. 

“Мармаробод” МФЙ “Осиё” кўчасидаги аҳоли хонадонларини ичимлик суви билан таъминлаш учун 7,5 километр тармоқ тортилмоқда. “Тумар” МФЙ ҳудудида суғориш ишларини амалга ошириш, 2-умумтаълим мактабини сув билан таъминлаш мақсадида ер ости тик қудуқлари қазиш ишлари ниҳоясига етказилди. Шунингдек, “Тумар” МФЙ ҳудудидаги 1,7 километр, “Мармаробод” МФЙ ҳудудидаги 1,05 километр ички йўлларни асфальтлаш, “Шайхон” МФЙдаги конларга борувчи 25 километр ички йўлларни тупроқдан шағал йўлга ўтказиш ишлари бажарилди. “Мармаробод” МФЙ “Осиё” кўчасидаги 4К388 “б” автомобил йўлининг 1 километр қисми жорий таъмирланди. 

Бугунги кунда шаҳарда оқова сув объектларини қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Махсус қурилиш монтаж” МЧЖ томонидан 13 миллиард 362,3 миллион сўм маблағ эвазига канализация тармоқлари қурилди. Ҳозирги кунда объектда синов ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Ғозғон шаҳрини Нурота туманидан алоҳида Зирабулоқ магистрал газ қувурига боғлаш учун қурилиш ишлари олиб борилди. 
Хуллас, бугун шаҳарда аҳолининг фаровон яшаши учун барча қулайликларни яратиш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари