Агар гўзаллик салонларида дезинфекция учун зарур шароит яратилмаган бўлса, бундай жойда на мижозлар, на ходимларнинг хавфсизлиги кафолатланади. Бундай шароитларда табиийки, хавфли юқумли касалликларга чалиниш хавфи юқори бўлади.
Шу боис мутахассислар таъкидлаган тавсияларга қатъий амал қилиш, хизматдан фойдаланишдан аввал салонда гигиена ва юқумли касалликлардан ҳимояланганлик даражасини текшириш жуда муҳимдир.
- Сартарошхона ва косметология хоналарида гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш шарт. Асбоб-ускуналар учта стандарт воситалар тўпламида сақланиши лозим. Табиий косметик воситалар ёпиқ идишларда, стерил асбоблар эса махсус қадоқ ва металл идишларда сақланади. - дейди, Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Яккасарой тумани бўлими санитария врачи, олий тоифали шифокор Шуҳрат Алимов. - Ишлатилган қисқичлар, тароқлар, қайчилар оқова сув остида ювилиб, махсус воситаларда дезинфекция қилинади. Электр устара пичоқлари икки марта спирт билан артилиши керак. Машина асбоблари ва қисмлари фақат махсус ўқитилган ходимлар томонидан тозаланади. Зарур дезинфекция воситалари захирада бўлиши ва тўғри ёрлиқланиши лозим. Ходимлар ишга киришда ва мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтадилар.
Бундан ташқари мутахассисга кўра, гўзаллик салонлари ходимлари иш жойида махсус иш кийимида бўлиши, қўлларни совун билан ювиши, антисептиклардан фойдаланиши, соч бўяшда резина қўлқоп кийишлари мажбурийдир.
Иш жойида овқатланиш ва тамаки чекиш мумкин эмас.
Фавқулодда ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам тўплами қўл остида бўлиши керак. Унда спирт, ёд эритмаси ва боғлов материаллари бўлиши шарт. Жароҳатлар перикс билан тозаланади, кейин ёд билан ишлов берилади.
Қон терига тушган ҳолларда эса уни совун ва оқаётган сув билан дарҳол ювиб ташлаш тавсия этилади.
Батафсил “Саломат бўлинг” дастурида:
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/4QH5iRO4-tg?si=Meli3bhjfiXGVpal" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Моҳичеҳра Эшмирзаева, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА