Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гўзаллик кўчат экишдан бошланади (+видео)
16:43 / 2026-02-27

Тошлоқ туманида жами 104 гектар ўзлаштирилмаган, қишлоқ хўжалигига яроқсиз ер борлиги аниқланди. Шу тоифадаги "Юқори қишлоқ" маҳалла фуқаролар йиғини Қалъача қишлоғида жойлашган 25 гектар майдондаги ҳудуд чиқиндилардан тозаланди, ер майдони текисланди, тошлар йиғиштирилиб, тупроқ юмшатилди ва кўчат экиш учун яроқли ҳолатга келтирилди.

Бугун шу ерда “Яшил макон – келажакка қолдирилган энг гўзал мерос” шиори остида кенг кўламли дарахт экиш тадбири бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан ташкилотчилар ҳудудни тўлиқ кўкаламзор масканга айлантириш режалаштирилгани, унга 40 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилишини таъкидладилар. Шунингдек, кўчатларни парваришлаш, суғориш тизимини йўлга қўйиш ва ҳудудни доимий назоратда сақлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 5 йилда 4 миллиондан ортиқ манзарали, мевали ва бута кўчатлари экилди, – дейди Тошлоқ тумани ҳокимининг ўринбосари Авазбек Деҳқонов. – Бу йил баҳор ва куз фаслида жами 867 мингта кўчат экиш режалаштирилган. Аммо амалда уни 1 миллионтадан оширамиз. Ушбу ер майдонимиз 25 гектар бўлиб бугуннинг ўзида унинг бир қисмига 10 мингдан ортиқ кўчат экамиз.

Фотиҳа берган нуронийлар бугун экилаётган ҳар бир дарахт келажак авлод учун соғлом муҳит, мусаффо ҳаво ва файзли ҳаёт манбаи бўлишини тиладилар. Улар бу хайрли ишни савобли ва эзгу ташаббус сифатида баҳолаб, ёшларни табиатга меҳрли муносабатда бўлишга чақирдилар.

– Гўзаллик, ободлик одамнинг юрагидан бошланади. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати, дарҳақиқат, халқ ҳаракатига айланди, – дейди "Нуроний" жамғармаси Тошлоқ туман бўлими раиси  Турсунбой Солиев. – Биз кексалар, нуронийлар доим ёшлар билан биргамиз. Уларга намуна бўлиб юрт ободлиги учун елкадош бўлаверамиз.

Тошлоқ туманидаги корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари жамоалари ҳамда фаол фуқаролар иштирокида дарахт экиш ишлари бошланди. Ҳар бир экилаётган кўчатга масъуллар бириктирилиб, уларнинг яхши униб-ўсиши учун зарур шароитлар яратиш чоралари белгиланди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sxEuZ_NSbRU" title="Go‘zallik ko‘chat ekishdan boshlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео,сурат), ЎзА