Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гўзаллик касб этаётган манзиллар
19:59 / 2025-08-20

Бухоро вилояти бугун том маънода улкан қурилиш майдонига айланган. Маълумотларга кўра, ҳудудда “Ягона буюртмачи хизмати” ДУК буюртмачилигида 3,5 триллион сўмлик 590 та ижтимоий соҳа ва бошқа турдаги объектлар қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги “Бухоро вилоятида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 48 та ва 2024 йил 25 декабрдаги “2025 – 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига асосан 13 та объектларда кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. 

Хусусан, Бухоро туманининг вилоят марказига ёндош “Боғидашт” маҳалла фуқаролар йиғинидан ажратилган 44 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда. Мазкур массив ўтган йилларда Ғиждувон ҳамда Қоракўл туманларида барпо этилган шу каби шаҳарсозликнинг ноёб ва намунали андозаларидан бири сифатида қад ростлаши мақсад қилинган.

[gallery-24859]

– Массивда 111 та кўп қаватли уйлар қўриш режалаштирган. Жорий йилда 504 та хонадондан иборат уйлардан ташқари яна 500 та қўшимча яъни 1000 та хонадонни топшириш режа қилинган. Ташкил қилинаётган “Боғидашт” массиви шаҳар ичида зичлашиб қолган кўп қаватли уйларнинг қурилиши камайтирилиб, коммуникация тармоқларига юкламаларни камайтириш мақсадида ташкил қилинган. Массивда шундай ёндош ҳудудда “Янги Ўзбекистон” боғи ҳам жойлашган, – дейди Бухоро вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Соҳибжон Жумаев. 

– “Янги Ўзбекистон” боғидаги энг гўзал манзарани акс этувчи бир ярим гектар майдонда туркиялик ҳамкорлар билан сунъий кўлда қурилиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Янги Ўзбекистон боғини ташкил этиш дирекцияси директори Алишер Холиқов. – Боғда узунлиги 160 метрдан иборат бўлган фавворани ўрнатиш кўзда тутилган. Бугунги кунда монтаж ишлари олиб борилмоқда. 

2024-2027 йилларда қуриб битказилиши мўлжалланган “Янги Ўзбекистон” массивида лойиҳага асосан 6 874 хонадонли 111 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Шу жумладан, ҳудудда аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб 990 ўқувчи ўрнига эга умумтаълим мактаби, 180 нафар ўғил-қизни ўз бағирга оладиган мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, кунига 250 қатновга эга оилавий тиббий поликлиника, сунъий чим қопламали кичик футбол ва спорт майдончалари, ёшлар коворкинг маркази, савдо-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, экобозор ва бошқа иншоотларни қуриш мўлжалланган.

Президентимизнинг 2024 йил 30 апрелдаги “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан ушбу жараёнлар ҳам мамлакатимизда уй-жой соҳасидаги фаолиятни тартибга солиниш имконини беради. Қурилиш соҳасида бораётган ишларни самарали ташкил этиш, замонавий андозалар асосида шаҳарсозлик қоида-меъёрларига мос “Янги Ўзбекистон” массивлари ва шинам кўп хонадонли уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, бунда ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳа бугунги шаҳарсозликнинг ўзига хос кўриниши десак, муболаға бўлмайди.

Мазкур “Янги Ўзбекистон” массиви таркибида умумий  ҳисобда 3 та 10 қаватли турар жой иншооти бунёд этилиши ва улардан жами 198 та хонадон ёш оилаларга берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудудда 94 та 9 қаватли иморат қурилиши лойиҳалаштирилган бўлиб, жами 5914 та хонадонга эга бу турар жой уйга эҳтиёжманд оилаларга узоқ йиллик ипотека кредит асосида тақсимлаб берилади. Бухороликлар кўз ўнгида қад ростлаётган бу мажмуа чин маънода қурувчиларнинг халқимизга яна бир туҳфаси, дейиш мумкин.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.