Болалик хотирларим ёдимда. Маҳаллада кимнинг хонадонида кўпчилик билан битадиган юмушлари ҳақида эшитишса ҳамқишлоқлар ҳамма ишларини йиғиштириб ўша хонадонга чиқиб, биргалашиб ҳар қандай юмушни адо этишар эди.
Эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам ҳашар бўлаётган хонадонга рўзғорларида бор таом ва егуликлардан олиб чиқишган. Бу билан ўртадаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат туйғулари юксалган. Ота-боболаримиз асрлар давомида саранжомлик ва ҳамжиҳатлик асосида ҳаёт кечирган. Бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган бу каби гўзал фазилатлар ҳали-ҳамон уйғоқ, ҳамон тирик ва улар ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги тегишли фармойиши асосида ҳудудларда “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, 8 миллиондан зиёд аҳоли иштирок этиши кутилаётган хайрия ҳашарида “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 миллион тупга яқин мевали ва манзарали кўчатлар ва 2 миллион тупдан зиёд гул кўчатларини ўтқазиш,15 минг гектардан зиёд ер-майдонларни ободонлаштириш, 6 минг километрдан зиёд ариқ ва зовурларни тозалаш, 300 дан зиёд зиёратгоҳ, 9 мингга яқин қабристон, ҳамда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, болалар майдончалари тартибга келтириш кўзда тутилган.
— Бугун ҳашар баҳона маҳалла фаоллари билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олинмоқда, — дейди Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги “Зарқўрғон” МФЙ да истиқомат қилувчи Хайринисо буви Султонова. – Ҳайит арафасида маҳалла аҳлининг кўмаги билан ногирон ва ёлғиз қарияларган моддий ёрдамлар берилди. Кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. Бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишда ҳикмат кўп.
— Баъзи ҳудудларда турли чиқиндилар ташлаш оқибатида жойларнинг ифлосланиш ҳолатлари борлиги айрим фуқароларимизнинг бепарволиги оқибатида содир бўлаётганини таъкидлаш керак, — дейди “Зарқўрғон” МФЙда истиқомат қилувчи маҳалла фаоли Аброр Мирвалиев. — Бугунги ҳашар баҳонасида кўп қаватли уйлар атрофи супуриб-сидирилиб, янада кўркам ҳолатга келтирилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Йўл атрофлари тозаланиб, дарахтларга шакл бериш ишлари амалга ошириляпти. Албатта, ўзимиз яшаётган ва меҳнат қилаётган ҳудуднинг саранжом-саришта ва озодалиги, атроф-муҳит мусаффо бўлишига улуш қўшсак, ҳаётимиз янада гўзаллашиб, ҳар бир ишимизда унум ортаверади.

Дарвоқе, муборак Рамазон ҳайити ва 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни арафасида бу каби ҳашарларни ўтказилишида ажиб бир ҳикмат бор. Зеро, ушбу хайрли тадбир минглаб эзгу ишларни, савобли амалларни бажаришга туртки бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА