Қашқадарё вилоятидаги ғўза майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари мутахассислари томонидан кенг кўламли назорат ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 19 та пахта кластерлари ва 6 минг 117 та фермер хўжаликлари томонидан жами 126 минг гектар майдонда пахта парваришланмоқда. Шундан 32 минг 158 гектарга хорижий навлар, 93 минг 842 гектарга эса маҳаллий навлар экилган.

Аграр соҳада техник таъминлаш ишлари ҳам самарали ташкил этилган. Мавжуд 2 минг 330 дона культиватордан 2 минг 239 таси фаолиятга жалб қилинган. Бугунги кунгача ғўзага 6-7 марта ишлов берилиб, озиқлантириш, суғориш ва чилпиш ишлари амалга оширилган.

Культивация жараёнида ғўзага зарар етказмаслик мақсадида махсус техник тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, чопиқ тракторларига махсус йўналтиргичлар ўрнатилиши, қатор ораларининг тўғри кенглиги ва чуқурлигига риоя этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Техник хизмат кўрсатиш билан бир қаторда, ҳосилни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ишлари ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда. Хусусан, трипс, ўргимчаккана, қандала ва кўсак қурти каби зараркунандаларга қарши 727 та ОВХ пуркагичлар ёрдамида кимёвий ишлов берилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида “Ўзагроинспекция” мутахассислари томонидан масъулларга 33 та ёзма кўрсатма, 71 та тақдимнома ҳамда 2 минг 846 та огоҳлантириш хатлари берилди.

Мисол тариқасида, Шаҳрисабз туманидаги “Жонибек Хадича” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Ражабов жорий мавсумда 31 гектар майдонда ғўза парваришламоқда. Хўжаликда суғориш, маҳаллий ва минерал ўғит бериш, культивация ва чилпиш ишлари белгиланган муддатларда, тўлиқ ҳажмда амалга оширилаётгани натижасида ғўза ниҳоллари баравж ривожланмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати маълум қилишича, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши, техникаларнинг тўғри ва самарали ишлатилиши, шунингдек, назорат-таҳлил ишларининг доимийлигини таъминлаш орқали пахта етиштиришда юқори натижаларга эришиш мақсад қилинган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири