French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғўза дефолиацияси якунланди
08:51 / 2021-09-19

Сурхондарё вилоятида пахта етиштирилган майдонларда ғўзанинг баргини суньий тўктириш ниҳоясига етказилди.

Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси матбуот хизматидан хабар қилишларича, сув тақчил бўлган бу йилги шароитда етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатда йиғиб-териб олиш учун 281 та ОВХ пуркагичи жалб этилиб, ғўза дефолиацияси тез ва сифатли амалга оширилди.

Жорий йилда воҳа пахтакорлари 72 минг 370 гектар майдонда ғўза парваришлаб, салмоқли ҳосил тўплади. Мавжуд майдонларнинг 63 минг 350 гектарида ғўза барги суньий тўктирилди.

– Уруғлик ҳосилдан ташқари барча ғўза майдонлари дефолиация қилинди, – дейди Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Даврон Тангиров.– Муҳим бу тадбирни сифатли ўтказишда тажрибали агроном-энтомологлар ва карантин агроном назоратчилари қўлланилаётган дефолиант дориларнинг сепилиши бўйича кунлик мониторинг кузатув ишларини олиб борди. Бу жараёнда дефолиант препаратлар самарадорлиги ғўза майдонларининг намлиги 70-75 фоиз бўлганда юқори натижаларга эришилгани аниқланди. Шунингдек, ўсимлик сувдан чанқатилган жойларда ёки намлик 30-40 фоиз бўлган майдонларда илмий тақдиқотлар натижасига кўра, дефолиантлар таъсири 15-20 кунга чўзилгани қайд этилди.

Маълумотларга кўра, бу йилги мавсумда пахтачилик кластерлари 30 минг 704 гектар майдонда “Супер ХМД”, 10 минг 500 гектарда “Хим экстра”, 11 минг 800 гектар майдонда “Авгурон-Экстра”, 7 минг 629 гектар ерда “Суюқ СХМД” ҳамда 2 минг 717 гектарда “Энто Дефол” дефолиантларидан фойдаланган.

Мутахассисларнинг фикрича, дефолиация ўтказишда ҳудудларнинг иқлим шароити, ғўза навларининг биологик ҳолати, тупроқ намлигига қўлланиладиган кимёвий препаратларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ташқи ва инсон томонидан бажариладиган омиллар натижасида дефолиантларнинг самарадорлигини ошириш ёки унинг сифатини пасайтириш мумкин. Дефолиация тадбири айнан ғўзанинг пишиш фазасида бажарилиб, баргларни сунъий тўктириш эвазига кўсаклар очилишини тезлаштиради. Пишиб етилган ҳосилнинг белгиланган муддатда сифатли йиғиб олиниши алмашлаб экиладиган майдонларда кузги дон сепиш юмушларини ўз вақтида бажаришга қулай имконият яратади.

Вилоятда пахта йиғим-терими қизғин давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,ЎзА