Шу куннинг мавзуси
Жорий йил мамлакатимизда 29 минг фермер хўжалиги томонидан 875,6 минг гектар майдонда пахта етиштирилди. Ҳосилни қисқа фурсатда ва юқори сифатда йиғиб олиш учун ғўза дефолиацияси – кимёвий усулда баргсизлантириш тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш муҳим аҳамиятга эга.
Дефолиация жараёни самарали ташкил этилса, ғўзадаги кўсаклар 10-15 кун олдин пишиб етилади, биринчи теримда ҳосил миқдори ортиб, юқори навли хомашё улуши ошади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 5 августдаги 139-сонли йиғилиши баёнига мувофиқ, жорий мавсумда умумий ғўза майдонларининг 91 фоизи – 795 минг гектарда дефолиация тадбирлари ўтказилиши белгиланган. Ушбу жараён 20 августдан бошланиб 15 сентябргача давом этади.

Майдонлар ғўзанинг пишиб етилиш муддатига қараб 3 гуруҳга ажратилган. Яъни эртаки 198 минг гектар (1 сентябргача), ўрта муддатли 405 минг гектар (7 сентябргача), кечки 192 минг гектар (10 сентябргача).
Ҳудудлардаги 3 933 та пуркагич агрегат мавсумга тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган. Шунингдек, дефолиант моддалар захираси 111 фоиз ҳажмда таъминланган. 2025 йил 9 сентябрь ҳолатига кўра, 661,5 минг гектар ёки 83 фоиз ғўза майдонида дефолиация ишлари амалга оширилди.
“Ўзагроинспекция” томонидан берилган маълумотларга кўра, 8 776 та назорат тадбири ўтказилиб, 4 196 та фермер хўжалигининг 42 180 гектар майдонида камчиликлар аниқланган. Уларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ва соҳа раҳбарларига 41 та тақдимнома, фермер ва кластерларга 280 та ёзма кўрсатма ҳамда 8 455 та огоҳлантириш берилган.
Айни пайтда жойларда дефолиантларни меъёр асосида қўллаш ва тадбирларни белгиланган график асосида ўтказиш юзасидан қатъий назорат ишлари давом эттирилмоқда.
Н.Бозорова, ЎзА