Британиялик миллиардер Хэмиш Хардинг Атлантика океани шимолий қисмида йўқолган сайёҳлик батискафида бўлиши мумкин, деб хабар тарқатди “Sky News” телеканали.
Бу фаразни унинг ўгай ўғли Брайан Зас ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали тасдиқлагандек бўлди: – Хэмиш, менинг ўгай отам, сув ости кемасида ғойиб бўлди. Қутқарувчилар миссияси муваффақиятли чиқиши учун дуодаман.
Хардинг бизнес-авиация фаолияти билан шуғулланади. Ҳатто, сайёҳ сифатида коинотга ҳам учган.
Атлантика океани шимолида чўкиб кетган “Титаник”ка сайёҳларни етказмоқчи бўлган сув ости аппарати йўқолиши билан боғлиқ хабарни “Би-би-си” телерадиокомпаниясига биринчи бўлиб Бостон соҳил қўриқчилари айтган. “Титаник” қолдиқларини томоша қилишга тижорий саёҳат уюштирган Американинг “OceanGate Expedition” компанияси ҳам батискаф Атлантикада экипажи билан бирга ғойиб бўлганини тасдиқлади.
“Guardian” газетаси ёзишича, кема саҳнида беш киши бўлган. Хардинг билан бирга саёҳатга франциялик сув ости тадқиқотчиси Пол-Анри Нарголе, “OceanGate Expeditions” асосчиси ва раҳбари Стоктон Раш ҳам чиққан. Умуман, ушбу аппаратга батискафни бошқарувчи, уч нафар саёҳатчи ва йўл бошловчи сиғади.
АҚШ ва Канада қидирув учун самолёт жўнатган. Батискафда 72 соатга етадиган кислород захираси бор.
С.Раҳимов