Мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллада давом этмоқда. Жорий йилнинг 25 июнидан бошланган умумхалқ муҳокамаси натижалари умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатида доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудларда Конституцияга киритилаётган ўзгаришларга бағишланган тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.
Хоразм вилоятининг Боғот туманида Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев иштирокида шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими Шавкат Яхшибоев, сенатор Умарбек Шарипов, Қонунчилик палатаси депутати Ботир Тўразода, ҳоким ўринбосарлари, маҳалла фаоллари, ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ёшлар ва журналистлар иштирок этди.

Тарғиботда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституциявий комиссия фаолияти, келиб тушаётган таклифлар ҳақидаги ҳамда Президент томонидан илгари сурилган ғоялар, фикрлар кенг муҳокама қилинди.
Жумладан, Давлатимиз раҳбари томонидан асосий 4 та йўналишда 50 га яқин берган таклифлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, ҳаётининг яхшиланиши, мамлакат иқтисодиёти ва ташқи сиёсатининг янги устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА