Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гонконг ёнғинида ҳалок бўлганлар сони 44 кишига етди
16:35 / 2025-11-27

Гонконгнинг махсус маъмурий ҳудуди ҳисобланган Тай По туманидаги турар-жой мажмуасида юз берган ёнғин қурбонлари сони 44 кишига етди. Айни пайт 279 инсоннинг тақдири номаълум.

Маҳаллий "South China Morning Post" (SCMP) нашри хабарига кўра, олов ичра қолган осмонўпар бинодан чиқаётган марҳумлар сони ортишда давом этяпти. Бир кун олдин 1900 дан зиёд хонадонни бирлаштирган турар-жой мажмуаси ҳудудида бошланган ёнғин таъмирлаш ишлари учун ўрнатилган, бамбукдан ясалган ташқи искала бўйлаб тез тарқалган.

Ёнғин хизмати идораси маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида бир ўт ўчирувчи ҳам бор. Касалхонага олиб кетилганлардан 45 нафарининг аҳволи оғир. Жами 4 000 га яқин киши яшаган мажмуанинг олов ўрлаган етти бўлимидан учтаси назоратга олинди.

Фожиа келиб чиқишига алоқадор, дея гумонланган 3 фуқаро - таъмир учун масъул қурилиш компаниясининг икки раҳбари ва маслаҳатчи муҳандис ҳибсга олинган. Улар бепарволик туфайли қасддан ўлимга сабаб бўлганликда айбланмоқда. Дераза четига қўйилган елим кўпик ҳам олов тез тарқалишига ёрдам бергани тахмин қилинмоқда.

— Компания масъул шахслари ўта бепарволик билан ҳаракат қилгани  аланга тезлашиши ва қурбонлар кўпайишига олиб келган, деб тахмин қилиш учун асос бор, — дейди полиция бош инспектори Айлин Чун. — Дастлабки текширув олов ғайритабиий даражада тез тарқалганини кўрсатган. Ҳодиса 5-хавф даражаси билан таснифланди. Гонконгда ёнғин жадаллигини баҳолаш учун беш босқичли тизим жорий қилинган. Ҳозир 17 йил ичида биринчи марта бешинчи — энг юқори ташвиш даражаси эълон қилинди.

Расмийлар яқин атрофдаги бошқа икки турар-жой мажмуасидан одамлар эвакуация қилингани ҳақида ҳам хабар беришди. Бевосита жабрланган 900 га яқин  инсон саккиз турар-жой марказидан вақтинча бошпана топди. Воқеа жойига 140 дан ортиқ ўт ўчириш машинаси, 800 нафардан кўп биринчи ёрдам ходими юборилган.

Транспорт вазирлиги баёнотида ҳудуддаги йўллар ёпилгани таъкидланган.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин маҳаллий ҳукуматга ҳамдардлик билдириб, Гонконг ва Макао ишлари бошқармасига ёнғин оқибатини бартараф этишда маҳаллий ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатма берди. Маъмурият раҳбари Жон Ли Качхиу ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия изҳор этди ва яраланганлар тезроқ соғайишини тилади.

Гўзал Сатторова, ЎзА